Эрон Россияга баллистик ракеталар учун қурилмалар юборади

Олам

image

Эрон яқин кунларда қисқа масофали баллистик ракеталарни учириш учун мўлжалланган Fath-360 қурилмаларини Россияга топширади. Бу ҳақда Ғарб махфий хизматларидаги манбаларига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Нашр суҳбатдошларининг таъкидлашича, ушбу етказиб бериш Россиянинг урушдаги ҳужум салоҳиятини кучайтиради ва Москва ҳамда Теҳрон ўртасидаги тобора чуқурлашаётган ҳарбий ҳамкорликнинг навбатдаги исботи бўлади.

Маълумотларга кўра, 2024 йил сентябрь ойида Эрон Россияга тўққизта санкцияга учраган Россия байроғи остидаги кемалар орқали ракеталарни етказган. Бироқ ўшанда Fath-360 учириш қурилмалари етказилмаган. Ғарбий разведка идораларининг бир нечта вакиллари ҳамда минтақавий амалдорлар “Reuters”га бу қурилмалар топширилиши муқаррар эканини маълум қилган. Шу билан бирга, улар қўшимча тафсилотларни ошкор қилишдан бош тортган.

Ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрича, 120 километргача учиш масофасига эга Fath-360 қурилмалари Россия кучларига Украина позициялари, чегарага яқин аҳоли пунктлари ва ҳарбий объектларга зарбалар беришда янги имкониятлар очади. Уларнинг фикрича, бу Россияга анча қимматга тушадиган ва узоқ масофали Iskander ракеталарини стратегик объектлар асраб қолиш имконини беради.

Қайд этиш жоиз, Россия ҳам, Эрон ҳам Украинага қарши тажовузни қўллаб-қувватлаш учун Эрон қуроллари етказилганини инкор қилиб келмоқда. Бироқ АҚШ, Украина ва Европа Иттифоқи расмийлари Теҳрон Москвага аллақачон минглаб дронлар ва артиллерия снарядларини етказганини даъво қилмоқда. АҚШ Қуролли кучларининг Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Кристофер Каволи апрель ойида америкалик қонунчиларга Эрондан Россияга 400 дан ортиқ қисқа масофали баллистик ракета етказилганини билдирган. Шу билан бирга, Reuters ҳозирча бошқа турдаги баллистик ракеталар топширилгани бўйича очиқ манбаларда далил йўқлигини қайд этади.

Эроннинг ушбу қадамидан АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятининг Украинада ўт очишни тўхтатиш ва Россия билан музокараларни бошлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари жиддий зарар кўриши мумкин. Бундан ташқари, бу ҳолат Эроннинг ядровий дастурини жиловлашга қаратилган дипломатик музокараларга ҳам салбий таъсир ўтказиши мумкин.

Британиянинг RUSI (Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти) катта илмий ходими Жек Уотлингнинг баҳосига кўра, Теҳрон Россияга қурол етказиб беришни ядровий масалалардан алоҳида кўриб чиқади.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Эрон Россиянинг Су-35 қирувчи самолётлари партиясини сотиб олганди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Эрон баллистик ракета

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг