200 га яқин немис полициячиси экстремизмда гумон қилинмоқда

Олам

image

Германияда камида 193 нафар полициячи экстремистик қарашлар ва фитна назариясига эгаликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда “Stern” журнали ва RTL телеканали томонидан барча 16 федерал штат Ички ишлар вазирликлари ўртасида ўтказилган сўров натижалари қайд этилган ҳисобот бугун, 3 май куни эълон қилинди.

Ҳисоботда айтилишича, бундай полициячиларнинг ҳақиқий сони кўпроқ бўлиши мумкин, чунки Шимолий Рейн-Вестфалия, Берлин ва Мекленбург-Ворпоммерн штатлари аниқ маълумот бермаган. Ушбу штатларнинг дастлабки иккитасида 80 га яқин интизомий ишлар кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берилган. Бироқ уларнинг баёнотларига кўра, ҳозирда уларни экстремистик қараш тарафдори деб таснифлаш мумкин эмас. Ўз навбатида, Мекленбург-Ворпоммерн Ички ишлар вазирлиги жорий рақамларни фақат 2025 йилнинг сўнгги чорагида тақдим этиш мумкинлигини айтди.

Бавария Ички ишлар вазири Йоахим Херрман оммавий ахборот воситаларини маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида содир бўлаётган бундай ҳолатлар “оддий нарса” экани ва давлат хизматчилари Германия конституциясига хизмат вақтида ҳам, хизматдан ташқари вақтларда ҳам содиқлигини намойиш этиши кераклигига ишонтирди. Шимолий Рейн-Вестфалия Ички ишлар вазири Герберт Ройль полицияда экстремистик қарашларга ўрин йўқлигини ва буни тушунмаган ҳар қандай киши “қувиб чиқарилишини” айтган.

Тадқиқотга кўра, 2020 йилдан буён немис полицияси ходимларига нисбатан экстремистик қарашларда гумон қилиниб, жами 570 дан ортиқ интизомий иш ёки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Сўнгги бир неча йил ичида Германияда полиция ходимлари ўртасида ўнг экстремизм ва ирқчилик билан боғлиқ бир қанча йирик ишлар очилди. Масалан, 2021 йилнинг июнь ойида Гессен федерал штатида 49 нафар полициячи ўнг қанот экстремистик маълумотлар тарқатиладиган чатларга аъзо экани маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан ҳам олиб қўйилган материаллар тинтув ва экспертизадан ўтказилди. Тергов маълумотларига кўра, чатларда свастика белгиси ва Адольф Гитлернинг суратлари тарқатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия Федерал конституцияни ҳимоя қилиш бошқармаси мамлакатдаги ўта ўнг қарашларга эга сиёсий куч – “Германия учун альтернатива” (ГуА) партиясини экстремистик ташкилот деб эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия экстремистик қарашлар Герберт Ройль

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг