Германиядаги сайловда иккинчи ўринни эгаллаган партия экстремистик деб топилди
Олам
−
02 Май 5624 2 дақиқа
Германия Федерал конституцияни ҳимоя қилиш бошқармаси мамлакатдаги ўта ўнг қарашларга эга сиёсий куч – “Германия учун альтернатива” (ГуА) партиясини экстремистик ташкилот деб эълон қилди. Бу ҳақда идора расмий баёнот чиқарди.
Баёнотда айтилишича, партиянинг қочоқлар ва муҳожирларга қарши олиб бораётган тарғиботи жамиятда бу тоифадаги одамларга нисбатан хурофот, нафрат ва қўрқувни кучайтирмоқда. Айниқса, ГуА мусулмон давлатлардан келган фуқароларни тенг ҳуқуқли германияликлар деб тан олмаслиги алоҳида таъкидланади.
Ушбу қарор партияга нисбатан уч йил давом этган текширувлар натижасида қабул қилинган. Тадқиқотлар давомида партия етакчилари ва аъзоларининг чиқишлари, уларнинг ўнг экстремистик гуруҳлар билан алоқалари, шунингдек, охирги учта маҳаллий парламент (ландтаг) сайловлари кампанияларидаги фаоллиги ўрганилган.
“Шунга қарамай, партиянинг машҳурлиги ошиб бормоқда. 2025 йил апрель охирида ўтказилган сўровларга кўра, ГуА Германияда энг оммабоп сиёсий куч сифатида қайд этилган – уни респондентларнинг 26 фоизи қўллаб-қувватлаган. Бу партия учун тарихий рекорддир”, дейилади хабарда.
Бугун, 2 май куни ГуА ҳамраислари Элис Вайдель ва Тино Чрупалла партия “демократияга таҳдид солувчи бу туҳматдан ўзини қонуний ҳимоя қилишда давом этиш”ини маълум қилди. Улар бошқарманинг қарорини “Германиядаги федерал даражадаги демократияга жиддий зарба” деб атади.
Шу билан бирга, Вайдель ва Хрупалла ГуАнинг илгари берилган “ўнг қанот экстремистлигида гумон қилинувчи” мақоми давом этаётган суд жараёнлари мавзуси бўлиб қолаётганини эслатди. ГуА ҳамраисларига кўра, уларнинг мухолиф партияси “Германияда ҳукумат алмашишидан сал олдин оммавий камситишга учраган ва жиноий жавобгарликка тортилган”.
6 май куни Германияда Бундестагга 23 февраль куни бўлиб ўтган муддатидан олдин сайловлар натижасида тузилган янги ҳукумат аъзолари қасамёд қабул қилиши кутилмоқда. Шу фонда ГуАнинг ўнг қанот экстремист сифатида белгиланиши сиёсий мақсадли қадам ва “демократик фикрни ифода этиш жараёнига қасддан аралашув” сифатида баҳоланди.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида ўтказилган навбатдан ташқари Бундестаг сайловларида ГуА биринчи бор 20,8 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллаганди. Сайловда ғалаба эса Христиан-демократик ва Христиан-социал иттифоқлари блокига насиб этган.
Live
Барчаси