Германияда парламент сайловлари: канцлер ўзгаради

Олам

image

Кеча, 23 февраль куни Германия Федератив Республикасида бўлиб ўтган муддатидан аввалги парламент сайловларида Фридрих Мерцнинг Христиан-демократик ва Христиан-социал иттифоқи (ХДС/ХСС) партияси ғалаба қозонди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Дастлабки расмий маълумотларга кўра, ХДС/ХСС сайловчиларнинг 28,6 фоиз овозини қўлга киритган. Германия учун муқобил (АдГ) партияси ўз тарихида илк бор иккинчи ўринни эгаллаб, 20,8 фоиз овоз олган. Ҳукмрон Германия Социал-демократик партияси (СДПГ) эса ўз тарихидаги энг ёмон натижани қайд этиб, 16,4 фоиз овоз билан учинчи ўринда қолган.

Бундестаг таркибига, шунингдек, “Яшиллар” партияси (11,6%) ва “Чап партия” (8,8%) ҳам кирган.

Беш фоизлик тўсиқни “Сара Вагенкнечт иттифоқи — Ақл ва Адолат учун” партияси ҳамда Эркин демократик партия (ЭДП) енга олмади. Вагенкнечт партияси Бундестагга кириш учун бор-йўғи 0,028 фоиз овоз етишмади.

Шундай қилиб, ХДС/ХСС Бундестагда 208 та, АдГ – 151 та, СДПГ – 121 та, “Яшиллар” – 85 та, “Чап партия” – 64 та ўринга эга бўлади. Бундан ташқари, бир нафар мустақил номзод ҳам парламентга киради.

Бўлажак канцлер Фридрих Мерц ҳукуматни Пасхагача шакллантиришини маълум қилди, яъни 20 апрелгача

Олаф Шольц Мерцни сайловдаги ғалабаси билан табриклаб, ўз партиясининг натижасини “аччиқ” мағлубият деб атади.

Гарчи ХДС/ХСС сайловда биринчи ўринни эгаллаган бўлса-да, Бундестагда мустақил кўпчиликни қўлга кирита олмайди (бунинг учун 630 ўриндан 316 тасига эга бўлиш талаб этилади). Бундестагдаги иккинчи энг йирик фракция Германия учун муқобил (АдГ) партияси бўлади, бироқ мамлакатдаги бошқа партиялар бу партия билан ҳамкорлик қилишни табу деб билади. Мерц ҳам ХДС/ХСС ултрайўналишдаги партия билан коалиция тузмаслигини тасдиқлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия сайлов парламент канцлер Фридрих Мерц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг