Шерзодхон Қудратхўжа Лавров Саидовнинг елкасига қўлини қўйганига эътироз билдирди (видео)

Жамият

image

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 22-23 апрель кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. У Самарқандда Ўзбекистон раҳбарияти билан учрашди. Бироқ Лавров ташрифнинг маданий қисми доирасида ҳамда ташриф якуни бўйича ўтказган матбуот анжуманида айтган гаплари ўзбек жамоатчилигининг эътирозига сабаб бўлмоқда. 

Масалан, Самарқанд халқаро аэропортида Россия Ташқи ишлар вазирини кутиб олиш жараёнидаги ҳолат кўпчиликнинг эътиборини тортди. Сергей Лавров 22 апрель куни кечқурун уни кутиб олишга чиққан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан қучоқлашиб кўришишни истамади. Ижтиомий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган видеода Саидов қучоқ очганида Лавров унинг елкасига қўл қўйиб, уни ўзига яқинлаштирмасликка ҳаракат қилганини кўриш мумкин.

Россия бош дипломатининг бундай ҳаракатларига Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа эътироз билдирди.

“Ўйлаб кўрсак, бошқа давлатнинг Ташқи ишлар вазири келиб, ўзига тенг Ташқи ишлар вазирининг қучоғини қабул қилмасдан, ўнлаб камералар кўз ўнгида унинг елкасига бемалол панжасини қўйиб жавоб қайтариши — бу дипломатик протокол қоидаларига зид эканини яхши билиши  керак. Биз энди доминантликни (яъники устуворликни) шу йўл ила намоён қилмоқчи эканини қабул қилмаймиз ва буни новербал услуб орқали намойиш этмоқчи бўлганлигини англаймиз. Биз нозик Шарқ одамларимиз, жаноб Лавров қариб қолиб буни тушунмаса истеъфога чиқсин!” дейди Қўдратхўжа.

Шунингдек, у ўз пайтларида СССР ТИВ раҳбари Андрей Андреевич Громико бундай “чойхонача оғайнигарчилик”ни ЎзССР ТИВ раҳбари Рафиқ Нишоновга нисбатан эп кўрмаганини ёзган.

“Ўша марҳум Рафиқ Нишоновнинг шогирди бўлмиш Лавров нега энди ким бўлишидан қатъи назар, биз тенг ичида тенг давлатнинг расмийсига нисбатан бундай ҳурматсизликни намоён этмоқда? Сен кимсан ўзи? Сен кимсанки, Амир Темур ва ундан  ҳам олдин ўнлаб буюклар асос солган 3,5 минг йиллик тарих ва давлатчиликка эга давлатда ўзингни шундай бетарбия тутасан? Ахир мустақил Ўзбекистоннинг 40 миллион аҳолиси бор, биз ўзгалардан кам эмасмиз! Биз мустақил давлатмиз! Олға Ўзбекистон!

Ўзга ҳудудга ўз қоидалари (В чужой монастырь со своим уставом не лезут) билан кирманг, дейман жўралар…!!!” дейди Шерзодхон Қудратхўжа.

Шу билан бирга, ректор  Россия Ташқи ишлар вазири Самарқанд шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш чоғида у ерда ёзилган гаплар рус тилида ҳам келтирилмаганини айтиб, норози бўлганига ҳам эътироз билдирди. 

“Ҳар бир мамлакат ўзининг ҳудудидаги тарихий обида ёки ҳайкали атрофида қайси тилда ёзишини фақат ўзи ҳал қилади. Четдан келиб, бошқа давлатнинг Ташқи ишлар вазири бизни танқид қилиши нотўғри. Зеро, биз уларнинг колонияси эмасмиз! Бизнинг вазирлар ҳам Россияга борганда баъзи масалалар бўйича Лавров каби дадил савол беришни ўрганишлари керак, шекилли. 

Хусусан, нега бизнинг Россиядаги мигрантлар дискриминация қилинади? Нимага уларга нисбатан маҳаллий ҳокимият, миграцион хизматлар ёки полиция томонидан оддий инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи ҳолатлар қўлланилса, Россия жамоатчилиги ва давлат расмийлари жим туради?

Сергей Лавров келиб бизга “она тимсоли — муқаддас” эканини тушунтирмоқчи экан, оддий бир ёзувни бор йўқлигига диққат қаратаркан, биз ҳам унга “инсон ҳуқуқлари ҳам муқаддас” эканини диққат эътиборига солишимиз ва эслатишимиз керак”, дейди у.

Бундан ташқари, Лавров Россия давлатларнинг ички ишларига аралашишга қарши эканини таъкидлаб, кейин эса ўз гапига ўзи қарши чиққандек, Ғарбнинг Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорлик соҳаларига эътироз билдирганди. Қудратхўжа унинг бу гапига ҳам жавоб қайтарди. 

“Лавров Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг ҳамкорлиги тўғрисида ҳам гапирибди. Ким билан қандай алоқалар ўрнатишни ёки қай даражада ҳамкорлик қилишни давлатнинг ўзи ҳал қилади! Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жумладан, Европа Иттифоқи билан ҳам ўзаро алоқалар даражасини Ўзбекистоннинг ўзи белгилайди. Бу давлатимизнинг ташқи сиёсати кўп векторлик эканлигини кўрсатади”, деди у.

Эслатиб ўтамиз, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 22 апрель куни Ўзбекистонга келди. Сергей Лавровни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кутиб олди. Кеча, 23 апрель куни у Самарқанд шаҳридаги “Мотамсаро она“ ҳайкали пойига гул қўйиш чоғида у ерда ёзилган гаплар рус тилида ҳам келтирилмаганини айтиб, норози бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров мазкур ҳолатга муносабат билдириб, рус сиёсатчилари Ўзбекистонда рус маданияти ва рус тилига бўлган муносабатни ёмонлаштириш учун ҳамма йўлларни синаб кўраётганини айтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев эса Лавровнинг таклифини “Москвадаги Қизил майдонга ўзбекча ёзилса, кейин ўйлаб кўриш мумкин”лигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Самарқанд Ўзбекистон Сергей Лавров Шерзодхон Қудратхўжа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг