Жаҳон етакчилари яна Самарқандда йиғилади

Жамият

image

4-5 апрель кунлари “Silk Road Samarkand” конгресс марказида биринчи Самарқанд иқлим форуми бўлиб ўтади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.

Билдирилишича, форумда жаҳон етакчилари, сиёсатчилар, экспертлар ва фаоллар Марказий Осиё ва дунё дуч келаётган долзарб иқлим муаммоларини муҳокама қилади.

“Марказий Осиё глобал иқлим муаммоларига дуч келмоқда: умумий фаровонлик учун бирлашиш” мавзуси остидаги форум экологик барқарорлик, яшил иқтисодий ривожланиш ва иқлим барқарорлиги бўйича мулоқотни илгари суриш учун юқори даражадаги платформага айланади. Асосий эътибор минтақавий ва халқаро ҳамкорликка қаратилган. Иқлим форуми қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш, сув ресурсларини комплекс бошқариш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва барқарор шаҳар тараққиёти каби асосий йўналишлар бўйича эксперт панеллари, ялпи сессиялар ва сиёсий мулоқотларни таклиф қилади”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири глобал миқёсдаги экологик ҳалокатнинг яққол намунаси бўлган Орол денгизи инқирозидир. Мутахассислар ва ҳукумат вакиллари зарар кўрган ҳудудларда ерларни тиклаш, чўлланишга қарши курашиш ва иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини камайтириш бўйича барча ечимларни кўриб чиқади.

Форумда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳудуднинг яшил трансформацияси ва барқарор ривожланишига умумий садоқатни тасдиқлайди.

Тадбирнинг асосий натижаси Самарқанд форумининг якуний ҳужжати — “Яшил” ривожланишнинг Минтақавий концепцияси тақдимоти бўлиб, у иқлим ўзгариши соҳасида Марказий Осиё давлатларининг ягона минтақавий қарашларини шакллантиришга асос солади. Унда етакчи халқаро ташкилотларнинг минтақадаги экологик муаммоларни ҳал қилиш борасидаги ёндашувлари баён қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд иқлим форумидан олдин 3-4 апрель кунлари “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитига мезбонлик қилади. Европа Кенгаши раиси Антонио Кошта ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ушбу саммитда қатнашиш учун Ўзбекистонга келади. Тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирокида ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд Самарқанд иқлим форуми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг