Курс UZS

USD

12 913.19

4

EUR

13 908.80

-26.67

RUB

154.17

0.87

Трамп “Озодлик” ва “Америка овози”ни назорат қилувчи агентликни тугатишни буюрди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп “Озодлик радиоси” ва “Америка овози” нашрлари, шунингдек, яна олти федерал агентлик фаолиятини назорат қиладиган АҚШ Глобал медиа агентлигини (USAGM) тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақдаги тегишли ҳужжат Оқ уй сайтида эълон қилинди.

Фармон матнига кўра, Трамп ушбу агентликларнинг низомга зид бўлган таркибий қисмлари ва функцияларини иложи борича тугатишни талаб қилган. Бундан ташқари, у мазкур ташкилотларга ҳатто уларнинг низомида назарда тутилган функцияларни ҳам минимал даражага туширишни ва ходимлар сонини кескин қисқартиришни буюрган.

USAGM’дан ташқари, Вудро Вильсон илмий маркази, меҳнат низолари бўйича агентликлар, уйсизларни қўллаб-қувватлаш ташкилотлари, музейлар, архивлар ва кутубхоналарни молиялаштирувчи агентликлар, шунингдек, қашшоқликка қарши кураш дастурларига ихтисослашган агентликлар ҳам тугатиладиган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Ушбу идоралар раҳбарлари 21 мартга қадар Оқ уйнинг Бюджет бошқармасига фармон талабларининг тўлиқ бажарилиши бўйича ҳисобот тақдим этиши лозим.

“The New York Times” нашрининг ёзишича, Трамп ушбу фармони билан ўз ваколатларининг чегараларини синовдан ўтказмоқда, чунки АҚШ Конгресси қарорига мувофиқ, USAGM мустақил агентлик ҳисобланади. Нашр таъкидлашича, “Америка овози” ва “Озодлик радиоси” хориждаги аудиторияга халқаро воқеалар ҳақида объектив ахборот етказиб бериши лозим.

Ҳозирда USAGM бешта халқаро медиа тармоғини бошқаради, улар орасида “Озодлик радиоси/Эркин Европа” ва “Америка овози” ҳам бор. Агентликнинг йиллик бюджети тахминан 270 миллион долларни ташкил этади, унинг оммавий ахборот воситалари 49 тилда эфирга узатилади ва ҳар ҳафта 361 миллион кишилик аудиторияга етиб боради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари ва Президент Дональд Трампнинг энг яқин маслаҳатчиларидан бири Илон Маск АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган “Америка овози” ва “Озод Европа/Озодлик радиоси” фаолиятини тугатишга чақирган эди. Кейинроқ, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Илон Маскнинг USAID ҳамда “Америка Овози” ва “Озодлик радиоси” каби медиа лойиҳаларини ёпиш масаласидаги қарашларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистонда журналистлар тайёрлашга ихтисослашган ягона университет – Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ҳам “Америка овози” ва “Озодлик радиоси”нинг ёпилишини қўллаб чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озодлик Трамп Америка овози

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг