Қўшнининг ҳаққи. Марказий Осиёда ёнган оловни Мирзиёев ўчирдими?

Таҳлил

Қўшнинг тинч, сен тинч. Бу шунчаки кексалардан қолган доно мақол эмас. Бу қайсидир маънода Ўзбекистоннинг шиори ҳам. Аммо Собиқ СССРнинг айёрона ҳийласи, яъни чегараларнинг ўта мураккаб, муаммоли чизилиши сабаб Ўзбекистон ҳам, бошқа қўшни қардош мамлакатлар ҳам бу шиорга неча-неча йиллар амал қилолмаган. Бир-бирига қондош, қардош қўшни халқлар шу чегаралар сабаб ўзаро тўқнашувлар, отишмалар қилган, оқибатда душманлашиш, чегараларни ёпиш, миналаш даражасигача борган. Лекин узоқ йиллар давомида Марказий Осиё давлатларининг бир-бирининг юзига  терс ёпиб қўйилган дарвозалари айнан Ўзбекистон ташаббуси билан секин-аста очила бошлаганди. Бу анъанани Тожикистон ва Қирғизистон давом эттирмоқда. Хушхабар, 2021 йилда ёпиб қўйилган Қирғизистон ва Тожикистон чегараси очилди. 13 март куни Тожикистон ва Қирғизистон Президентлари Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров Қирғизистон Республикаси ҳамда Тожикистон Республикаси ўртасида Давлат чегараси тўғрисидаги шартномани имзолади. Ушбу тарихий воқеа Бишкекда, Имомали Раҳмоннинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида содир бўлди.

“Бугун биз мамлакатларимиз ўртасидаги чегара масалалари бўйича тарихий қарорни қабул қилмоқдамиз. Бугун имзоланган салмоқли ҳужжатлар тўплами орқали тожик-қирғиз муносабатларида янги саҳифа очамиз”, деди Имомали Раҳмон музокаралар аввалида.

Ўз навбатида, Садир Жапаров Тожикистон-Қирғизистон чегарасининг делимитацияси ва демаркацияси бўйича ҳукумат комиссияларининг самарали фаолиятини алоҳида таъкидлаган.

Шунингдек, Президентлар онлайн режимда “Қизил-Бел – автомобиль йўли” ва “Қайрағоч – автомобиль йўли” назорат-ўтказиш пунктларини биргаликда очиб берди.

Ўзи бу чегара нима сабаб ёпиқ эди? 

Тожикистон ва Қирғизистон умумий чегараси 1006,84 километрни ташкил қилади. Шундан 308 километри узоқ йиллар давомида аниқ белгилаб олинмаган. СССР муаллифлигида чизилган Марказий Осиё давлатлари хариталарида атайин низоли ҳудудлар ташлаб кетилган, бу эса кичик давлатларни доимо Россияга боғлаб туриши керак эди. Кутилганидек, СССР парчаланганидан кейин томонлар ўнлаб баҳсли ҳудудларга эгалик қилиш бўйича келиша олишмади. Чегараланмаган ҳудудлар маҳаллий аҳоли ўртасидаги тўқнашув ҳудудига айланди, бунга икки давлат чегарачилари жалб қилинган. Тожикистон 1992-1997 йилларда бўлиб ўтган фуқаролик уруши оқибатларини енгиб ўтганидан кейин навбатдаги тўқнашувларнинг олдини олиш учун 2002 йилдан Қирғизистон-Тожикистон чегарасини делимитация ва демаркация қилиш жараёни бошланди. Музокаралар Тожикистон ўз позициясида 1924-1939 йиллардаги хариталарга, Қирғизистон эса 1958-1959 ва 1989 йиллардаги хариталарга таяниши туфайли мураккаб тус олган. Сўнгги 20 йил мобайнида икки давлат чегарасида қарийб 100 марта тўқнашув келиб чиққан, икки томоннинг ҳам қурбонлари сони ошгандан ошиб бораверган, икки халқ бир-бирини қирган.

Биз юқорида айтган чегара ҳам 2021 йилдаги тўқнашувлар сабаб ёпиб қўйилганди.

Ўша йили 29 апрель куни Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги Кўктош қишлоғида тожик тарафи оддий столбага сув тақсимотини кузатиш учун камера ўрнатиши ортидан маҳаллий аҳоли ўртасида тортишув келиб чиққан. Аммо тез фурсатда у катталашиб кетган.

Ушбу ҳолат бўйича томонлар низода бир-бирини айблаган. Қирғизистондаги учта қишлоқ ҳудудида фавқулодда режим жорий қилинган. Қирғизистон чегара хизмати хабар беришича, Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги ҳарбий қисмлар ўртасида отишма бошланган. Отишмалар оқибатида икки томондан 55 киши ҳалок бўлиб, 205 киши яраланган.

Шундан сўнг орага Ўзбекистон аралашиб, муаммони тинч йўл билан ҳал қилишга бош-қош бўлиб турди.

Ўзбекистон ТИВ бугунги кунда барча масалалар ва мавжуд муаммолар фақат Марказий Осиё қардош халқларига хос бўлган кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатлари руҳидаги музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилиниши кераклигини айтиб, ўзаро отишмалардан тийилишга чақирган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали гаплашиб, ҳар икки томонни тинчлантириб турган.

Шундай бўлди ҳам. Аммо 2022 йилнинг март, сентябрь ойларида яна тўқнашув содир бўлди.

Ўша йилги можаро қурбонлари сони 94 нафарни ташкил этган. Қирғизистон ҳукумати Боткен областининг чегара ҳудудидаги қарама-қаршилик оқибатида 59 киши ҳалок бўлгани, яна 144 киши яралангани ҳақида маълумот берган. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ўз томони йўқотишлари тўғрисида маълумот бериб, фуқаролардан 35 киши ҳалок бўлгани ва 25 киши яралангани, улар орасида аёллар ва болалар ҳам борлигини айтган. Жанглар вақтида томонлар танклар, миномётлар, реактив артиллерия ва ҳатто жанговар дронлардан фойдаланган. Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида низолар доимий равишда юзага келиб турса-да, 2022 йилгиси энг қонлиси бўлиб тарихга кирган. 19 сентябрь Қирғизистонда миллий мотам куни деб эълон қилинган. Қирғиз-тожик чегарасидаги отишма сабаб 500 тадан ортиқ хонадон ва бинолар вайрон бўлган. Икки мамлакат ҳукуматлари вайрон бўлган инфратузилмаларни тиклашга анча вақт, куч ва пул сарфлаганди.

Бу отишмаю тўқнашувларни барча мамлакатлар кузатиб турарди. Ҳолат бўйича Россия, АҚШ каби йирик давлатлар хавотир билдириб чиққан.

Ўзбекистон эса ўшанда қўшнилари тинчимагунича тинчимади. Қайта-қайта қўнғироқлашиб, гаплашиб, вазиятдан бохабар бўлиб турди ва музокараларга эриштирди.

Умуман олганда, 2014 йилдан бери Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 10 дан ортиқ йирик можаро кузатилган. Қирғизистон Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош. Тожикистон эса, шу кунга қадар, Қирғизистон билан барча чегара масалаларини ҳал қила олмаган сўнгги қўшни давлат эди.

Қўшнилар билан чегара сабаб қуролли тўқнашувларни Ўзбекистон ҳам бошидан ўтказган. 1999-2000 йилларда Ўзбекистон трансчегаравий терроризм хавфини баҳона қилиб, чегарани бир томонлама демаркация қилиш ва миналаш ишларини бошлаб юборади. 2001 йилда чегара қисмларини делимитация қилиш ва анклавларни марказ билан боғлайдиган йўлларни алмаштириш тўғрисида шартнома кучга кириши Ўзбекистон томонидан сўралган эди. Бироқ бу келишув Қирғизистон томонидан қабул қилинмади, бу эса чегара бўйлаб кескинликнинг давом этишига олиб келган эди. Бунда, айниқса, 2010 йилги Ўш воқеаларини эсламаслик мумкин эмас.

2010 йилнинг июнь ойи Қирғизистоннинг жануби. Маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро чиқди. “Ўш воқеалари” номи билан тарихга кирган ушбу низо оқибатида 500 га яқин инсон ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар сони мингдан, қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтганлар сони эса юз мингдан ошди. Бундан ташқари, 3,5 мингдан ортиқ кўчмас мулк вайрон қилинди. Шундан атига 275 таси давлатга тегишли, қолган катта қисми эса маҳаллий аҳолининг бошпанаси эди. Ушбу статистика воқеанинг кўламидан далолат: ёнган уйлар, қонга беланган қўллар, яқинларидан айрилган инсонлар.

Бу воқеалар такрорланмаслиги учун Ўзбекистон қўшнилари билан чегара масаласини ҳал қилиб олишга киришди.

Марказий Осиёда чегараларни делимитация ва демаркация қилишда асосий муаммолардан бири – минтақанинг барча мамлакатлари томонидан тасдиқланиб, тартиб-таомилларидан ўтган ҳуқуқий асос йўқлиги эди. Оқибатда минтақа давлатлари ўртасида чегара муаммоси юзага келганда ушбу воқеаларни бартараф этишда таяниш мумкин бўлган аниқ ҳужжат етишмасди.  Бу эса Марказий Осиёда низолар келиб чиққанида Россияга ўхшаш мамлакатларни қозилик қилишга ундарди. Марказий Осиёда чегараларни делимитация қилиш Ўзбекистон олдидаги муҳим масалалардан бирига айланди ва ўз қўшнилари билан бирин-кетин чегара муаммосини ҳал этди.

Бунда 2022 йилда Қирғизистон билан бошланган музокаралар 2023 йил ноябрида ўз якунига етди.

Мамлакат Қозоғистон билан чегараларни белгилаш жараёнини 2004 йилнинг баҳоридан бошлаб, 2015 йилда тугатган эди.

Худди шундай, 2022 йил ноябрь ойида Қозоғистон Туркманистон билан чегарани делимитация қилишга оид келишувни ратификация қилди.

2017 йилнинг 30-31 май кунларида эса Душанбе шаҳрида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳудудий ва чегаравий масалалар бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Икки мамлакат чегаралари ўртасидаги миналар тозаланди. Худди шу йили ўзбек-туркман чегараси ҳам очилди.

Asia-Plus хабарига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон томонлари чегара масалаларидаги тушунмовчиликларни бутунлай бартараф этишни режалаштирган.

Музокараларда Тожикистон томонидан мамлакат Ташқи ишлар вазири ўринбосари Маҳмадшариф Ҳақдод, Ўзбекистон томонидан алоҳида топшириқлар бўйича элчи Илҳом Неъматов иштирок этди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 1332,9 километрни ташкил этади, шундан 1227,98 км қисми қуруқликда, 105 км дарё орқали.

Бугунги кунда тожик-ўзбек чегарасининг 60 километрлик қисми келишилмаган ҳолда қолмоқда.

13 март куни эса Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Бишкекда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан учрашув якунлари бўйича берган қўшма баёнотида  Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси бўйича шартнома имзолашини маълум қилди.

“Бугун Тожикистон-Қирғизистон чегараси бўйича шартнома имзолаш билан бирга, биз ҳурматли Садир Нургўжоевич билан яқин вақт ичида Тожикистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида давлат чегараларининг туташ нуқтаси бўйича шартнома тузишга келишиб олдик”, деди Имомали Раҳмон.

Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжат 31 март куни Хўжанд шаҳрида имзоланиши режалаштирилган. Худди шу куни учала раҳбар Наврўз байрамини биргаликда нишонлайди, чегара масаласини обдан гаплашади ва ҳатто Марказий Осиё учун ягона виза жорий этиш имкониятларини муҳокама қилади. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Марказий Осиёда Шенген визасига ўхшаш ягона виза жорий этишни таклиф қилди.

“Минтақадаги барча давлатлар ўзаро чегаралар билан боғлиқ масалаларни якуний ҳал қилди. Энди Марказий Осиё давлатлари ўзаро визасиз режимни жорий этиш жараёнини бошлаши ва бошқа давлатлардан келадиган меҳмонлар учун барча минтақа давлатлари бўйлаб эркин ҳаракатланишга имкон берадиган ягона виза тизимини ишлаб чиқиши лозим. Бу Шенген визасига ўхшаш бўлиши мумкин”, деб ёзди Жапаров.

Хулоса қилиб айтганда, бугун муаммоларини дўстона ҳал этаётган Марказий Осиё мамлакатлари ва бунга бош-қош бўлиб турган Ўзбекистон ўз сиёсатининг мевасини тез орада кўрса ажабмас. Фақат мамлакатнинг эмас, ёнидагиларнинг ҳам тотувлигини ўйлаш, ғам-у ташвишларига шерик бўлиш тинчликни абадийлаштириши аниқ.


Мақола муаллифи

Теглар

чегара Имомали Раҳмон Садир Жапаров Марказий Осиё давлатлари Тожикистон ва Қирғизистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг