Қирғизистон Тожикистон билан чегара шартномасини ратификация қилди
Олам
−
20 Март
1188Қирғизистон парламенти кеча, 19 март куни қўшни Тожикистон билан томонлар деярли 23 йилдан бери музокара олиб борган чегара шартномасини ратификация қилди. Ҳужжат кўпчилик овоз билан маъқулланди.
Ҳужжатни ёқлаб 85 депутат, қарши 1 депутат овоз берди.
Битим 13 март куни Бишкекда Қирғизистон давлати раҳбари Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон томонидан имзоланган.
Жапаровнинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги чегара низоларининг ҳал этилиши бутун минтақада хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тожикистон Президентининг айтишича, чегара шартномасининг имзоланиши “тарихий қарор” бўлган, чунки бу давлатлараро муносабатларни янада ҳар томонлама кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
23 йил давом этган музокаралар
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги қарийб 980 км. 2002 йил декабрь ойидан бошлаб уни делимитация қилиш (давлат чегарасини унинг йўналишини тавсифлаш ва харитада белгилаш) бўйича музокаралар давом этмоқда. Ушбу муаммонинг ҳал қилинмагани икки республиканинг маҳаллий аҳолиси ва ҳарбий хизматчилари ўртасида бир неча бор низолар, жумладан, ўқотар қуроллардан фойдаланиш сабаб бўлган. Уларнинг охиргиси 2022 йил кузининг бошида содир бўлган. Умуман олганда, 2014-йилдан буён қирғиз-тожик чегарасида 10 дан ортиқ жиддий можаро қайд этилган.
Қирғизистон Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош. Тожикистон Қирғизистон ҳалигача барча чегара масалаларини ҳал эта олмаган охирги қўшни давлат бўлиб қолди.
Тожикистон Қирғизистондан ташқари яна уч давлат билан давлат чегарасига эга. Энг узун чегара Афғонистон билан – 1343 км, Ўзбекистон ва Хитой билан – мос равишда 1330 км ва 490 км дан ортиқ. Ўзбекистон билан давлат чегарасини тўлиқ делимитация қилиш 2019 йилда якунланди ва томонлар умумий чегара чизиғини демаркация қилиш ишларини давом эттирмоқда.
LiveБарчаси