Пискентдаги боғчада илонлар билан томоша кўрсатган шахс жазоланди
3-саҳифа
−
30 Январь
2409Аввалроқ, Тошкент вилояти Пискент туманидаги 7-сон давлат мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчиларга Ўрта Осиё кобралари билан томоша уюштирилганди. Кобра илонлари билан томоша кўрсатган шахс жазоланди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.
Ўша куни боғча ходимлари ота-оналар билан очилган Telegram гуруҳга цирк томошасининг видеосини юборган. Буни кўрган болалардан бирининг бувиси ҳолат юзасидан Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, томоша Олмалиқ шаҳар “Кумуш диёр” хусусий корхонаси тасарруфидаги “Тошкент” ҳаваскорлик цирк жамоаси ходими Ҳ.А. томонидан уюштирилган. Мазкур шахс ўқув йили аввалида туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига таълим тизимидаги муассасаларга цирк томошаларини намойиш қилиш бўйича хат ва дастур билан мурожаат қилган. Масъуллар томонидан ушбу томошаларга рухсат берилган. Намойишлар дастурида ҳайвонлар билан саҳна кўринишлари кўрсатилмаган. Ҳ.А. 16 январь куни тумандаги 7-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган жонзотлар билан ўйин кўрсатган.
Бироқ бўлим раҳбари ўринбосари дастур билан тўлиқ танишмай унга рухсат берган. У ҳолатга эътиборсизлик қилгани учун ишдан олинди.
Суд қарори билан, Ҳ.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-1-моддаси (Оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш) билан айбли деб топилди. Унга шу моддага асосан Базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (3 млн 750 минг сўм) миқдорида жарима жазоси қўлланди. Унинг шериги ҳам жарима жазосига тортилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 24 октябрь санасида Самарқанд вилояти Қўшработ туманида жойлашган мактабгача таълим муассасасида асли Иштихон туманидан бўлган фуқаролар бўғма илон билан цирк томошаси намойиш этганди.
LiveБарчаси