Заҳарланиб вафот этганларнинг яқинлари БПни ёлғончиликда айбламоқда
3-саҳифа
−
17 Декабрь
32302Бош прокуратура қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган деган келин-куёв “закс”дан ўтган бўлиб чиқди.
Кеча, 15 декабрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Тошкент вилояти Пискент туманида келин-куёв номаълум моддадан заҳарланиб, вафот этгани ҳақида хабар берган эди. Унда 29 ёшли Р.Д. ва у билан қонуний никоҳдан ўтмасдан (!) яшаб келган 27 ёшли А.С. Пискент туманидаги хонадонда вафот этгани айтилган.
Келин-куёвнинг яқинлари QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилиб, Бош прокуратурани ёлғон ахборот тарқатганликда айбламоқда.
“Давлат идораси қандай қилиб ёлғон маълумот бериши мумкин. Уларга ишонадиган одамлар қанчалигини билмайдими? Тарқалган хабарларнинг изоҳларини ўқисангиз, ҳамма қонуний никоҳсиз яшагани учун шундай бўлган, деб ёзяпти. Ахборот бераётганда олдин ўрганиш керак эмасми? Шу ахборотни тарқатганлар устидан тегишли жойларга арз қиламиз”, дейди келин-куёвнинг яқинлари.
Марҳум куёвнинг акаси тақдим этган ҳужжатга кўра, келин-куёв жорий йилнинг 10 декабрь куни Пискент тумани ФҲДЁ бўлимидан қонуний никоҳдан ўтган. 14 декабрь куни эса никоҳ маросими бўлиб ўтган. Орадан бир кун ўтиб, 15 декабрь куни келин-куёв номаълум моддадан заҳарланиб вафот этган.
Хабар QALAMPIR.UZ сайтида 16 минг, Telegram каналда 70 минг, Instagram ижтимоий тармоғида 700 минг марта ўқилган, 300 га яқин изоҳ ёзилган. Изоҳларнинг аксариятида QALAMPIR.UZ ёлғон ахборот тарқатгани ёзилса, қолганида келин-куёвнинг қонуний никоҳсиз яшаб юргани танқид қилинади.
Бу рақамлар фақатгина QALAMPIR.UZ’даги ўқилишлар сони, холос. Бошқа расмий ва норасмий ОАВлар билан қўшиб ҳисобласа, юз минглар, миллионларга айланади.
Умуман олганда, бу ҳолатдаги энг муҳим нарса бу – икки нафар фуқаронинг заҳарланиб вафот этгани. Улар қонуний никоҳдан ўтган ё ўтмагани эса айни шу кейсда муҳим маълумот эмас. Қолаверса, бу уларнинг шахсий иши. Бу каби хабарлар охирги вақтларда кўпайгандан-кўпаймоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари, хусусан Бош прокуратура бундай воқеалар ҳақида маълумот бераётганда асосий мазмун қолиб, воқеа иштирокчиларнинг шахсига оид маълумотларни очиқлаш орқали ўқувчилар диққатини бошқа томонга қаратмоқда. Жумладан икки нафар шахснинг вафот этгани билан боғлиқ ҳолатда ҳам уларнинг никоҳдан ўтган ё ўтмагани, яқин қариндош ёки бегоналиги, умуман бир уйда нима қилаётгани ҳеч кимга қизиқ эмас. Бу ерда воқеалик келин-куёвнинг заҳарлангани ва вафот этгани, уларнинг қандай асосда яшаб келаётгани эмас. Оммавий ахборот воситаларига кўпинча ахборот тарқатиш борасида дакки бериб келадиган ҳуқуқ-тартибот органлари эса шахсларга оид маълумотларни очиқлашда биринчилардан бўлиб қонунчилик талабларини бузади. Охир-оқибатда эса бу маълумотни тарқатган бирламчи манбалар эмас, оммавий ахборот воситалари ўқувчилар олдида бутун жавобгарликни ўз гарданига олишига тўғри келади.
LiveБарчаси