Сурияда муваққат ҳукумат раҳбари тайинланди
Олам
−
10 Декабрь 2024 15849 1 дақиқа
Муҳаммад ал-Башир ўзининг Сурия муваққат ҳукуматининг раҳбари этиб тайинланганини эълон қилди. Бу ҳақда у “Al Hadath” телеканали эфирида маълум қилди.
“Асосий қўмондонлик қарорига кўра, бизга муваққат ҳукуматни шакллантиришга ваколат берилди. Дастлабки режа бўйича бу 2025 йил 1 мартга қадар амалга оширилади”, деди ал-Башир.
Унинг сўзларига кўра, бу қарор бугун, 10 декабрь куни қуролли қаршилик раҳбарияти, “Қутқарув ҳукумати” вакиллари ва эски ҳукуматнинг баъзи аъзолари иштирокидаги учрашувда қабул қилинган.
Маълумот учун, ал-Башир таълим олган соҳаси бўйича муҳандис ва юрист. У “Сурия қутқарув ҳукумати” раҳбари ҳисобланади. Шунингдек, ал-Башир “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жалонийнинг яқин ҳамкори ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи бошчилигидаги исёнчи кучлар Сурия пойтахти Дамашққа кириб, мамлакат раҳбари Башар Асад режими ағдарилганини маълум қилганди. Кейинчалик, Сурияни тарк этган Башар Асад ва унинг оила аъзолари Москвага боргани хабар қилинганди.