Тошкентдаги 86 та нуқта пулли “парковка”лар ташкил қилиш учун сотилди
Жамият
−
25 Ноябрь
3188Тошкент шаҳридаги йўл бўйларида автотураргоҳ ташкил қилиш учун 86 нуқтанинг ижарага берилиши бўйича онлайн аукцион ўтказилди ва ушбу ҳуқуқ 120 миллиард сўмга сотилди. Бу ҳақда “E-auksion” порталида эълон қилинди.
Унга кўра, аукцион иштирокчилари умумий 22 та таклиф билдирган ва савдо 2 соатдан кўпроқ вақт давом этган. Якунда Balcomuz компанияси лот учун 57,2 млрд сўм бўлган бошланғич нархдан қарийб 2 баробар юқори – 120,15 млрд сўмлик таклиф билан ғолиб бўлган.
Маълумот ўрнида, бир лот доирасида Тошкент шаҳридаги ижарага бериладиган майдонларнинг умумий ҳажми 262,8 минг квадрат метрни ташкил қилади. Ижара муддати эса 3 йил. Ижарачи дастлабки 2 йилда автотураргоҳларни жиҳозлаш, паркоматлар, ҳаракатни ташкил этиш воситалари ва коммуникация тармоқларини ўрнатиш учун камида 5 млн доллар сармоя киритиши зарур бўлади.
Улардан тушган тушумнинг камида 12 дан 1 қисми Тошкент шаҳар йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади. Шунингдек, ижарачи автотураргоҳлардан мақсадли ва қонуний фойдаланиш мониторингини таъминлаши ҳам зарур бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, шаҳарда пулли “парковка” нархлари тасдиқланган эди. Қарорга мувофиқ, 5 та тариф зонаси мавжуд ва уларнинг нархи зонадаги “парковка”га бўлган талабга қараб ўзгаради. Хусусан, биринчи зона шаҳар марказини ва тўхташ жойларига бўлган эҳтиёж юқори бўлган энг тирбанд ҳудудларни қамраб олади ва улардан фойдаланиш соатига 12 000 сўмни ташкил этади. Аксинча, бешинчи зона – энг чекка ва кам гавжум ҳудудлар учун нарх 5 000 сўм этиб белгиланган.