Тошкентда “парковка” қилиш нархи тасдиқланди
Жамият
−
17 Октябрь
8055Тошкент шаҳрида пулли “парковка” нархлари тасдиқланди. Унга кўра, 1 соат учун тариф 5 минг сўмдан 12 сўмгача қилиб белгиланди. Бу ҳақда кеча, 16 октябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра:
- 1-тариф зонаси – 12 000 сўм;
- 2-тариф зонаси – 10 000 сўм;
- 3-тариф зонаси – 8 000 сўм;
- 4-тариф зонаси – 6 000 сўм;
- 5-тариф зонаси – 5 000 сўм этиб белгиланди.
Биринчи зона шаҳар марказини ва тўхташ жойларига бўлган эҳтиёж юқори бўлган энг тирбанд ҳудудларни қамраб олади.
Қолган зоналар қуйидагича тақсимланади:
Иккинчи зона марказга яқин, марказдан бироз узоқда жойлашган, аммо машиналар учун ҳали ҳам талаб мавжуд ҳудудларни қамраб олади.
Учинчи зонага шаҳар марказидан ўртача масофада жойлашган ҳудудлар киради.
Тўртинчи зона марказдан узоқда жойлашган, тўхташ жойлари зичлиги камайган ҳудудларни қамраб олади.
Бешинчи зона – бу энг чекка ва кам гавжум ҳудудлар, одатда шаҳарнинг чеккасида жойлашган.
Қайд этилишича, бунда Тошкент шаҳрида транспорт воситаларининг пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун тўловлар миқдорлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган чекланган миқдорлардан юқори бўлмаслиги керак.
Қарорда, шунингдек, “Toshkent Invest kompaniyasi” 2025 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Пулли тўхтаб туриш жойлари” ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини фойдаланишга топшириши ва унга ташкил этиладиган транспорт воситаларининг пулли тўхтаб туриш жойлари ускуналарини улашга тайёрлигини таъминлаши белгиланди.
Қуйидаги тоифадаги транспорт воситаларидан эса тўхташ жойидан фойдаланганлик учун тўлов ундирилмайди:
- фавқулодда вазиятлар ва махсус хизматлар ходимлари томонидан фойдаланиладиган жигарранг, қизил ёки кўк-қизил милтилловчи чироқ ва махсус овозли сигналлар билан жиҳозланган транспорт воситалари;
- олд ва орқа ойналарида “7.17” йўл белгиси тасвири туширилган I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг транспорт воситалари (жумладан, ногиронлар учун мўлжалланган махсус транспорт воситалари);
- II Жаҳон уруши қатнашчисининг транспорт воситаси;
- давлат рўйхатидан ўтказилмайдиган икки ғилдиракли транспорт воситалари.
Паркингда, шу жумладан, савдо корхоналари, хизмат кўрсатиш, тиббиёт, спорт ва маданий-кўнгилочар муассасалар ёнидан камида 5 фоиз жой (лекин бир дона жойдан кам бўлмаган) имтиёзли рухсатномага эга бўлган шахслар томонидан бошқариладиган транспорт воситаларини бепул жойлаштириш учун ажратилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь