Норвегия электромобиллар сони бензинли машиналардан ошиб кетган илк давлатга айланди
Олам
−
19 Сентябрь
2395Норвегия автомобилсозлик тарихида электромобиллар сони бензинли автомобиллардан ошиб кетган биринчи давлатга айланди. Бу ҳақда мамлакат Йўл ҳаракати бўйича ахборот кенгаши хабар берди.
Қайд этилишича, Норвегияда 2024 йилнинг 16 сентябрь ҳолатига кўра рўйхатга олинган 2,8 миллион енгил автомобилдан 754 303 таси электромобиль ва 753 905 таси бензинли автомобиллардир. Шу билан бирга, дизель двигателли автомобиллар сонининг камайиши давом этмоқда. 2026 йилга келиб, мамлакатдаги электромобиллар сони дизелли автомобилларни ҳам ортда қолдиради.
“Бу тарихий ҳолат. Ўн йил олдин бундай бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Енгил автомобиллар паркини электрлаштириш ишлари жадал кетмоқда, Норвегия эса енгил автомобиллар паркида электромобиллар устунлик қиладиган дунёдаги биринчи давлат бўлиш учун олдинга силжимоқда”, дейди ахборот кенгаши директори Оивинд Солберг Торсен.
Торсен, шунингдек, 2026 йилга бориб, мамлакатдаги электромобиллар сони дизелли автомобиллар сонидан ҳам ошиб кетишини қўшимча қилган.
“World Resources Institute”нинг 2023 йилдаги таҳлилларига кўра, 5 та давлат – Норвегия (2022 йилда тўлиқ электр транспорт воситалари йўловчи автомобиллари савдосининг 80 фоизини ташкил этган), Исландия (41 фоиз), Швеция (32 фоиз), Нидерландия (24 фоиз) ва Хитой (22 фоиз) электромобиллар сотувининг энг юқори улушига эга бўлган. Бошқа иккита энг йирик автомобиль бозорларида электромобиллар сотуви пастроқ, аммо тез ўсиб бормоқда: Европа Иттифоқи (12 фоиз) ва АҚШ (6 фоиз).
2024 йил август ойида Норвегияда сотилган 11 114 та автомобилнинг деярли 94 фоизи электр қуввати билан ишлаши маълум қилинганди. Бундай ўсишга Tesla Model Y (тахминан икки мингта автомобиль) савдоси асосий ҳисса қўшган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида Ўзбекистонга 22,5 мингта электромобиль импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 баробар кўп.
LiveБарчаси