Тошкентдаги ресторанлардан бирида оммавий заҳарланиш юз берди
Жамият
−
12 Сентябрь
6233Тошкент шаҳридаги “Мuhteshem Doner” ресторанида оммавий заҳарланиш юз берди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 6-8 сентябрь кунлари овқатдан заҳарланиш белгилари билан жами 23 нафар фуқаро, шулардан 22 нафари Эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига ҳамда 1 нафари Тошкент шаҳар 4-сон юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг барчаси 2024 йилнинг 5 сентябрь куни Юнусобод туманида жойлашган “Мuhteshem Doner” кафесида бир нечта турдаги таомларни истеъмол қилган. Олиб борилган даволаш муолажалари натижасида беморларнинг аҳволи яхшиланган ва 12 сентябрь соат 09:00 да уларнинг 13 нафарига уйга кетишга рухсат берилган.
“Шунингдек, қолган 10 нафар беморга даволаш муолажалари давом эттирилмоқда ва касаллик динамикасида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Барча беморларнинг аҳволи қониқарли ҳолатда“, дейилган Санэпидқўмита хабарида.
Билдирилишича, кафе фаолияти вақтинча тўхтатилган, истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқларидан намуналар олиниб, лаборатория текширувлари давом эттирилмоқда.
Бирламчи эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра, заҳарланишга кафеда тайёрланган соус (беморларнинг барчаси истеъмол қилган маҳсулот) сабаб бўлган бўлиши мумкин, деган хулосага келинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятида ўтказилган тўй маросимида 50 нафардан кўпроқ одам овқатдан заҳарланганди.
LiveБарчаси