Тадбиркорлик билан шуғулланиб келган 400 га яқин амалдор аниқланди
Жамият
−
09 Сентябрь
8300Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотларида фаолият юритаётган 398 нафар бошқарув ходими 449 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Билдирилишича, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 93 нафар бошқарув ходими 112 та тадбиркорлик субъектида, Сув хўжалиги вазирлигининг 26 нафар бошқарув ходими 35 та тадбиркорлик субъектида ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 279 нафар бошқарув ходими 302 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келган.
Юқоридаги ҳолатларини бартараф этиш бўйича мазкур вазирликларга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тегишли тақдимномалар киритилиб, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатларига чек қўйилган.
Маълумот учун, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида Давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар аниқ қилиб ёзилган.
Ушбу моддага асосан мансабдор шахснинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқнинг намунавий қоидалари”нинг 13-бандида давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланмаслиги белгиланган.
LiveБарчаси