Бу йил ҳам мактабларда мажбурий форма талаб этилмайди
Жамият
−
03 Август
4465Ўзбекистонда 2024/25 ўқув йилида мактаб формаси мажбурий бўлмайди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Азамат Камоловга таяниб, ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, 2018 йил ҳукумат томонидан ягона мактаб форма намуналари тасдиқланган. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар уни ихтиёрий тартибда кийишга ҳақли экани белгилаб қўйилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарорига кўра, ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиб борилиши белгиланган.
“Ҳозирга қадар ўқувчилар учун айни бир хил форма кийилсин, деган қаттиқ талаб қўйилмади. Демак, жорий йилда ҳам мактабларда мажбурий форма жорий этилмайди. Аммо ўқувчилар учун “Умумий ўрта таълим муассасасининг такомиллаштирилган намунавий одаб-ахлоқ қоидалари”га мувофиқ, ўқувчиларнинг таълим муассасаси уставида ман этилган либос ва қиёфада, жумладан ўғил болалар калта шим, футболка, шиппакда ва қизлар тор ва танани очиқ кўрсатувчи юпқа, ҳарир кийимларда келиши ҳамда бўйни ва бармоқларига турли тақинчоқлар тақиши ман этилади”, дейди Азамат Камолов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ микроҳудуддан ташқаридаги мактабларда 1-синфга қабул бошлангани ҳақда хабар берилганди.
LiveБарчаси