Путин урушга борадиганларга бир марталик тўловни икки баравар оширди
Олам
−
01 Август
8139Россия Президенти Владимир Путин Украина билан урушда Россия томонида туриб жанг қиладиганларга бир марталик тўловни 400 минг рубль (4600 доллар)гача оширди. Бу ҳақда Путиннинг тегишли фармони имзоланди.
Илгари шартнома имзолаган ҳарбий хизматчилар 2,5 минг доллар миқдорида бир марталик нақд пул олиш ҳуқуқига эга эди. Путин, шунингдек, минтақаларга шартнома бўйича ишчиларга камида 4600 доллар тўлашни тавсия қилди.
РБК маълумотларига кўра, ҳозирда бир марталик тўловлардан ташқари, шартнома бўйича ёлланганларга қуйидагича пул тўланмоқда:
- ойлик тўловлар (210 минг рубль – 2400 доллардан);
- натижалар учун тўловлар (8 мингдан 50 минг рублгача – 90 дан 580 долларгача);
- нафақалар ва бонуслар;
- жароҳатлар учун тўловлар (3 млн рублдан – 34 700 доллардан);
- ногиронлик аниқлангандаги тўловлар (782 минг рублдан – 9 минг доллардан);
- жароҳатнинг оғирлигига қараб суғурта тўловлари (80 минг рублдан – 900 доллардан);
- ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг оила аъзоларига тенг улушларда бир марталик тўлов (2,96 млн рубль – 34 минг доллар).
Мудофаа вазирлигининг июль ойи бошидаги маълумотларига кўра, 2024 йил бошидан буён 190 мингга яқин россиялик мудофаа бошқармаси билан шартнома имзолаган. Декабрь ойида, уруш бошланганидан бери биринчи марта ҳарбий департамент қуролли кучлардаги шартнома бўйича ходимлар сонини эълон қилди – 640 минг киши. Путин июнь ойида “махсус операция” зонасида 700 мингга яқин рус аскари борлигини маълум қилганди.
Россия томони йўқотишлар ҳақида сўнгги бор 2022 йил сентябрида маълум қилган эди: “ҳарбий операция” бошланганидан бери 5937 киши. Ғарб оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Россия армиясининг умумий йўқотишлари (ўлдирилган ва ярадорлар) 500 мингни ташкил этган.
LiveБарчаси