Зеленский Россия билан музокара ўтказишга тайёр - CNN
Олам
−
21 Июль
14928Украина Президенти Владимир Зеленский ўз халқига мурожаат қилар экан, икки йилдан кўпроқ вақт олдин расмий Москванинг кенг миқёсли ҳужумларидан бери биринчи марта Россия билан музокаралар олиб боришга тайёр эканига шама қилди. Бу ҳақда СNN ёзмоқда.
Зеленский Москвага жорий йилнинг ноябрь ойида ўтказишга умид қилаётган навбатдаги тинчлик саммитига делегация юборишни таклиф қилди. Ўтган ой Швейцарияда бўлиб ўтган аввалги тинчлик конференциясига Россия таклиф қилинмади, чунки Зеленский ҳар қандай музокаралар фақат Россия Украинадан чиқиб кетганидан кейин бўлиши мумкинлигини айтганди.
“Киев ҳозирда фронтдаги қийин вазият ва Украинанинг энг яқин иттифоқчилари томонидан бўладиган келажакдаги ёрдам борасидаги сиёсий ноаниқликка икки баробар кўпроқ дуч келмоқда”, дея ёзган нашр.
Қайд этилишича, Украинанинг энг яқин ва муҳим иттифоқчилари, хусусан, АҚШ ва Германиянинг Киевни қўллаб-қувватлаш учун можарога маблағ сарфлашни давом эттиришга тайёрлиги ҳақида шубҳали саволлар пайдо бўлмоқда. Журналистлар билан суҳбатда бўлган Зеленский Украина урушда ғалаба қозониш учун Ғарбдан етарлича ёрдам олмаётганини айтган.
“Ҳаммаси бизга боғлиқ эмас. Биз урушнинг адолатли якунланишини биламиз, лекин бу фақат бизга боғлиқ эмас. Бу нафақат халқимиз ва хоҳишимизга, балки молия, қурол-яроғ, сиёсий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Европа Иттифоқи, НАТО ва албатта, жаҳондаги бирликка ҳам боғлиқ”, деган Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зеленский урушнинг энг оғир босқичи йил охиригача тугаши мумкинлигини айтганди. Президентга кўра, Киевнинг иттифоқчилари Москвага босим ўтказса, уруш дипломатик йўл билан музокаралар столида тугатилиши мумкин. Шунингдек, АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилгани хабар қилинганди. Мулоқотда Трамп бу йилги президентлик сайловларида ғалаба қозонса, Украина можаросини тезда ҳал этиш ниятида эканини бир неча бор таъкидлаган.
LiveБарчаси