Британия прокурор қўлида. Қиролликни нималар кутяпти?
Таҳлил
−
09 Июль
6844Бундан 3 кун муқаддам 5 июлда Британия “ўзгаришларга бой бўлади”, дея таъкидланаётган янги даврнинг биринчи тонгини қарши олди. Бир неча йиллардан буён давом этиб келаётган бошқарув тафаккури янгисига алмашди. Консерваторларнинг ўта муаммоли ва зиддиятли тарзда кечган узоқ йиллик ҳукмронлигидан сўнг ниҳоят Буюк Британия ҳукумати бошқа партия назоратига ўтди. Консерваторлар якунда 121 депутатлик ўрни билан ўз тарихидаги энг ёмон натижалардан бирини қайд этди. Партия тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бу натижа билан улар бугун таназзулга учрагани очиқ-ойдин кўриниб турибди. 14 йиллик танаффус ортда қолди ва Қироллик бошқарувига янги қон кириб келди. Жорий йилнинг 5 июль куни собиқ Бош вазир Риши Сунак ўз курсисини янги ҳукумат бошлиғига силлиқ тарзда топширди ва инглизлардан фаолияти давомида содир бўлган хато ва камчиликлар учун узр сўраган ҳолда дунёга маълум ва машҳур бўлган Даунинг-cтритдаги қароргоҳни тарк этди. У кетиш олдидан халқнинг танловини олқишлашни ва янги Бош вазир фаолиятига омад тилашни ҳам унутмади. Шу куни сайловларда ғалаба қозонган Лейбористлар партияси раҳбари Кир Стармер мамлакатнинг янги Бош вазирига айланди ва қирол Чарлз III қабулида бўлди. Монарх Стармерни табриклаб, унинг фаолиятига муваффақият тилади ҳамда одатга кўра унга янги маъмуриятни шакллантиришни буюрди. Мамлакатнинг янги ҳукумат раҳбари Букингемга ташрифидан сўнг дарҳол Даунинг-стритдаги қароргоҳда ҳозир бўлди ва халққа мурожаат қилди. У ишдан бўшаган собиқ бош вазир Риши Сунакка миннатдорлик билдирди. Ришининг мамлакатдаги осиёлик биринчи Бош вазир сифатида олиб борган сиёсатини алоҳида эътироф этди. Стармер сўзи охирида халққа ўзи ва жамоасининг кейинги режалари ҳақида тўлиб-тошиб гапирди.
“Мамлакатимиз аҳолиси ўзгаришлар, миллий янгиланиш ҳамда сиёсатнинг давлат хизматига қайтиши учун қатъий овоз берди. Биз ишга киришмоқдамиз. Менинг ҳукуматим сизга хизмат қилади”, деди Британия сиёсатига карвонбоши бўлган Стармер.
Кир Стармер ким?
61 ёшли ушбу лейборист оддий ишчи оиласида туғилган. Отаси Родни Стармер заводда асбоб-ускуна ишлаб чиқарувчи, онаси Жозефина Стармер эса ҳамшира бўлган. Энг қизиғи, бугун биз сўз юритаётган лейбористлар лидери ва Британиянинг амалдаги Бош вазири Кир Стармер исми Лейбористлар партиясининг биринчи парламент раҳбари Кир Харди шарафига қўйилган. Бундан Стармер оиласининг меҳнаткашлар манфаатини ҳимоя қилувчи партияга азалдан ҳурмат ва эътибори баланд бўлгани англашилади. Оиласининг биринчи олий маълумотли аъзоси бўлган Кир, 1985 йилда Лидс университетини ҳуқуқшунослик бўйича бакалавр даражаси билан тамомлаган. Кейинчалик у Оксфорддаги Цент-Эдмунд Холлда фуқаролик ҳуқуқи бўйича таҳсил олган. Олий таълимдан сўнг Стармерни узоқ муддатли юридик фаолият майдони қарши олди. У 1987 йилда Лондонда адвокатлик билан шуғулланишни бошлади. Уч йил ўтгач эса юридик фаолият билан боғлиқ бўлган ўзининг шахсий лойиҳасига асос солди. Адвокатлик билан шуғулланар экан, Стармер асосан жиноий ҳимоя ишларига эътибор қаратди. Бунда Буюк Британияда ҳам, хорижда ҳам инсон ҳуқуқлари масалаларига боғлиқ кейслар билан ишлади. У Кариб денгизи мамлакатлари ва Африка қитъасида ўлим жазосига ҳукм қилинган бир қанча маҳкумларни ҳимоя қилган ва, шунингдек, 2002-2008 йилларда Ташқи ишлар ва Ҳамдўстлик вазирлигининг ўлим жазоси бўйича маслаҳат кенгаши аъзоси бўлган. Шу йиллар оралиғида Кир Стармер оила қуришга қарор қилади ва 2007 йилда худди ўзи каби юридик соҳада мутахассис бўлган ярим яҳудий Виктория Александрга уйланади. Стармернинг элита билан яқинлашуви эса асосан 2002 йилда бошланган. У шу йили қирол оиласининг маслаҳатчиси этиб тайинланганди. Орадан 6 йил ўтиб, 2008 йилда Стармер ҳаётидаги энг юқори лавозимлардан бирига тайинланди. Бу – Давлат прокуратураси директори амали эди. У мазкур лавозимда 2013 йилгача ишлади. Давлат прокуратураси раҳбари сифатида унинг мажбуриятлари Буюк Британия Қироллигига қарашли бўлган ҳудудлардаги бир нечта жиноий юрисдикцияларда жиноий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ бўлган масалаларни назорат қилишдан иборат эди.
Амалда эса бу мансаб мамлакатдаги энг юқори лифтлардан бири ҳисобланади. Стармернинг прокурорлик фаолияти 5 йил давом этди. Ушбу лавозимдаги фаолиятидан бир йил ўтар-ўтмас, аниқроғи 2014 йилда Кир Стармер ўша пайтдаги валиаҳд шаҳзода (ҳозирги қирол) Чарлздан рицарлик унвонини қабул қилиб, ўз исм-шарифига Сер қўшимчасини ҳам қўшиб олади. Бу воқеликлардан сўнг Сер Стармерни энди мамлакатдаги энг асосий бошқарув пакетига эгалик қилувчи майдондаги саргузаштлар кутаётганди.
Шахсий ҳаёти
Стармер атрофидагиларнинг фикрларидан келиб чиқиб, уни интроверт, яъни одамови ёки бироз зерикарли шахс, деган хулосага келиш мумкин. Аслида унинг шахси ростдан ҳам дунё кузатувчиларининг катта қисми учун қизиқ эмас ва агар кимдир у ҳақда нимадир айтаётган бўлса, бу – Британиянинг сайёрамиздаги тутган ўрни ва уни ким бошқараётганлигига қизиқиш туфайлигина содир бўлмоқда, дейишимиз мумкин. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, айнан шу яширинлик Стармернинг Бош вазирлик курсисини эгаллашида ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Сабаби одамлар учун номаълум ва ёпиқлик унинг камчиликларини беркитади. Бу шароитда халқда ундан нима кутиш мумкинлиги тўғрисида бир қатор саволлар туғилади. Бугун Кир Стармернинг таржимаи ҳоли, ҳуқуқшунослик фаолияти, футболга қизиқиши ва “Арсенал” клубига мухлислик қилиши, прокурорлик мансабидаги йиллари ва рицарлик унвонига эга эканлиги у ҳақда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардир.
Бошқарувга келиш
2014 йил охирида партия ичидаги бир депутатнинг нафақага чиқиши Стармернинг Лондондаги Холборн ва Цент-Панкрас сайлов округи учун Лейбористлар партиясидан номзод этиб сайланишига йўл очганди. 2015 йилда ушбу округлардан Жамоалар палатасига сайланиши эса у учун ҳаётидаги дастлабки жиддий сиёсий давр келганини англатарди. Ҳатто шу йилнинг ўзида унда партия раҳбари бўлиш имкони ҳам туғилади. Гарчи Стармер 2015 йилда Лейбористлар партияси етакчиси сифатида Эд Милибанд ўрнига номзодини қўйиши мумкинлиги айтилган бўлса-да, у ўзининг тажрибасизлигини инобатга олиб, сайловда қатнашмасликни маъқул кўрди. Ўша вақтда Лейбористлар партияси ўта сўл сиёсатчи Жереми Корбин етакчилигида мухолифатда эди. У Стармерни параллел ҳукуматдаги ички ишлар вазири сифатида тайинлайди. Кир Стармерда Лейбористлар партиясига раҳбар бўлиш имконияти 2019 йилда яна пайдо бўлади. Бу ўша йилги сайловлар партия учун ўта муваффақиятсиз кечган ва 1935 йилдан буён энг оғир мағлубият билан якунланган шароитга тўғри келганди. Ушбу шармандали мағлубиятдан сўнг партиянинг ўша пайтдаги раҳбари Жереми Корбин истеъфога чиқишга мажбур бўлади. Кир эса вақтдан унумли фойдаланган ҳолда сўл позицияда чиқиш қилиб, партия аъзоларига электр энергия ва сув соҳасидаги компанияларни миллийлаштиришни ва университетлар талабалари учун бепул таълимни ваъда қилиш орқали раҳбарият вакилларидан бирига айланади. Стармер 2020 йилнинг бошида партия раҳбарлигига ўз номзодини эълон қилади ва апрелдаги сайловларда ғалаба қозонган ҳолда мамлакатдаги 3 та энг қудратли партиялардан бирининг раҳбари сифатида иш бошлайди. Кир партия раҳбари бўлгач, унинг ўрнига даъво қилиши мумкин бўлганлардан қутилишни бошлайди. Биринчи нишон эса айнан собиқ партия раҳбари Жереми Корбин эди. Кир Стармер ўзининг собиқ раҳбари бўлган Корбинни антисемитизм бўйича келиб чиққан можарода айблаб, Лейбористлар партиясининг парламентдаги аъзолари сафидан четлатади.
Лейбористлар кимлар?
Хўш, лейбористлар ўзи ким? Бу партия XX асрнинг бошида, ишчилар синфининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилган. Ўша вақтларда Британия қонунчилиги иш ташлашларга рухсат берган, иш ташлашлар пайтида корхоналар кўрган зарар тред-юнионлар яъни касаба уюшмалари ҳисобидан ундирилиши кўзда тутилган. Бундай тартиб тред-юнионлар манфаатларига мутлақо зид эди ва бунга қарши улар 1900 йилда ўз партиясини тузишга қарор қилди. 1906 йилдан бошлаб эса мазкур партия расман лейбористлар номини олди. Дастлаб Либераллар соясида ҳаракат қилган ишчилар партияси Биринчи жаҳон урушидан кейин аста-секин мустақил тарзда бўй кўрсатишни бошлайди. Ҳатто 1922 йилга келиб, лейбористлар ўз иттифоқчиси бўлган Либерал партияни консерваторлар билан кечган рақобатда расмий мухолифат сифатида ўйиндан сиқиб чиқаради. 124 йиллик фаолияти давомида мазкур партиядан бугунги Стармер билан қўшиб ҳисоблаганда 7 та Бош вазир чиққан ва улар 13 муддат давомида мамлакатни идора қилган. Бу натижа билан мазкур партия Либераллар ва консерваторлар орасида аутсайдер ҳисобланади. Лейбористларнинг биринчи бор ҳукумат тепасига чиқиши Ремсей МакДоналд бошчилигида 1924 йилга тўғри келади. Энг узоқ вақт бошқарувда турган ва партиянинг энг машҳур вакили бу шубҳасиз Тони Блердир. У 1997 йилдан то 2007 йилгача Британияни бошқарган ва Тетчер рекордига яқинлашган кам сонли инглиз Бош вазирларидан бири ҳисобланади. Лейбористларнинг Стармергача бўлган энг сўнгги ҳукумат раҳбари бу Гордон Браун бўлиб, ушбу сиёсатчи 2007-2010 йиллар оралиғида Буюк Британия маъмуриятини бошқарган. Аммо 2010 йилдаги ўзгаришлар 13 йил давом этган Лейбористлар ҳокимиятига якун ясаб, 14 йиллик Консерваторларнинг мутлақо етакчилигига олиб келганди. Аммо ҳукмрон партия ичидаги тартибсизлик оқибатида сўнгги 8 йил ичида Бирлашган Қиролликда оз эмас, кўп эмас, нақд 5 та Бош вазир алмашди. Ва ниҳоят, эндиликда охирги сайловлардаги Консерваторларнинг қақшатқич мағлубиятидан сўнг меҳнаткашлар яна иқтидорга қайтди.
Меҳнаткашларнинг 4 ваъдаси ва мамлакатни дунёдан устун қўйиш
Таҳсинга сазовор ғалабадан сўнг ҳукуматни қўлга олган Лейбористлар ҳозирча ўз режаларининг умумий эскизини бироз очиқлади ва дастлабки 24 соат ичида ишга киришди. Масалан, Бош вазир ўзининг дастлабки чиқишларида “ҳукумат энди доктриналар юки остида бўлмаслиги ва фақат мамлакат аҳолисига хизмат қилишини” жиддий оҳангда таъкидлади. Бу эса амалда Буюк Британия элитаси ўз фокусини халқаро тартиб ёки шартномаларга эмас, балки миллий манфаатларга қаратишини англатади. Бундан ташқари, лейбористлар ўзининг қисқа ва узоқ муддатларга мўлжалланган 4 та асосий стратегияларини ҳам маълум қилди. Булар, иқтисодий ўсишни Г7да энг тез суръатлар билан ошириш, Буюк Британияни 2030 йилгача тоза энергияга ўтказиш, соғлиқни сақлаш хизматини ўзгартириш, оғир ва зўравонлик жиноятларини икки бараварга камайтириш каби мақсад ва вазифалардир. Стармер эса буларнинг ҳар бири учун масъул бўлган жамоаларга шахсан ўзи раислик қилишини таъкидлади.
Янги Бош вазир энг биринчи ишини Сунакнинг жуда кескин ва мантиқсиз депортация тартибини йўқ қилишдан бошлади. Буюк Британиянинг олдинги ҳукумати барча ноқонуний муҳожирларни, келиб чиқиши ва мамлакатидан қатъи назар, бошпана сўровларини кўриб чиқмасдан Руандага депортация қилиш ниятида бўлган. Ҳамдўстлик давлатларидан бири бўлган Африкадаги ушбу мамлакат хавфсиз учинчи давлат деб эълон қилинганди. Депортация қилинадиган биринчи ноқонуний муҳожирлар Буюк Британияда жорий йилнинг май ойи бошида қўлга олинган. Умуман олганда, Британия расмийлари йил охиригача у ерга 5700 нафар ноқонуний муҳожирни юборишни режалаштирганди.
Ноқонуний муҳожирларга қаратилган ушбу дастурни тугатиш Лейбористлар партиясининг сайловолди ваъдаларидан бири эди. Стармер депортация режаларини танқид қилди ва Сунакнинг режасига чек қўйди. Янги бош вазир инсон ҳуқуқларининг бу йўсинда жуда хунук таҳқирланишига чек қўйди дея бемалол айта оламиз.
Шунингдек, Кир Стармер мамлакат жуда катта ўзгаришлар олдида турганлиги ва Лейбористлар буни ижобий тарзда амалга оширишини тинимсиз тарзда айтиб келмоқда. У бу борада амалга ошириладиган ислоҳотларни халқ сўзларга эмас, ҳаракатларга қараб баҳолашини таъкидлади. Бу ўзгаришлар унинг дастлабки қарорларидаёқ намоён бўлмоқда. Ўз кабинетини тайинлашда Стармер тажриба ва барқарорликка эътибор қаратди. Шунингдек, унинг маҳкамаси тарихдаги энг кўп аёл вазирларни ўзида жамлаган. Масалан, Маданият вазири Лиза Ненди, Адлия вазири Шабана Маҳмуд, Транспорт вазири Луси Ҳаиг ва Меҳнат ва нафақа вазири Лиз Кендалл кабилар Стармер кабинетини бошқараётган аёл сиёсатчилар қаторидадир.
Ташқи дунё ва Ўзбекистон нима кутмоқда?
Янги Бош вазир ва унинг ҳукумати остида Британиянинг ташқи дунё билан алоқалари аввалгидек сақланиб қолиши кутилмоқда. Хусусан, Стармер ташқи сиёсатда Британиянинг эгизаги бўлган Қўшма Штатлар билан яқинлик йўлидан бориши айтилмоқда. Аммо мазкур масалада айрим саволлар уни ўйлантириши мумкин. Хусусан, йил охирида АҚШда ўтказиладиган ҳар 4 йилликнинг энг йирик воқеаси – президентлик сайловлари қандай натижа билан тугаши ва унда ким ғалаба қозониши каби бир қанча саволлар ҳали ўз жавобини топмади. Аммо дастлабки президентлик теледебатидаги Байденнинг аянчли аҳволи бу жангда Трампнинг ғалабасига ишора қилаётгани ва келгусида Стармерга муросасиз Трамп билан қандай тил топишиш ҳақида бир қанча қийин саволлар юклаши ажаб эмас. Европа Иттифоқи мавзуси эса Буюк Британия учун яна қайтадан очилиш эҳтимоли паст бўлса-да, Кир ҳукумат тепасида бўлмаган даврда мамлакатнинг бу интеграциядан чиқишини қўллаб-қувватламаганлар қаторида турганлигини инобатга олсак, яқин орада евроинтеграция ва Бирлашган Қироллик билан боғлиқ айрим янгиликлар юз бериши мумкинлигини инкор эта олмаймиз.
Стармер кабинети йирик давлатлар ва Европа билан алоқалар қатори халқаро можаролардаги мамлакат позициясини ҳам ўзгартириш нияти йўқ. Хусусан, у Фаластинда ўт очишни тўхтатиш ва “Исроилнинг ҲАМАСдан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи”ни қўллаб-қувватлаш каби навбатчи позицияда туришда давом этади ва шу ўринда Сер Стармер Украинани Риши Сунак ва Борис Жонсонлардан кам қўллаб-қувватламайди. Буни ўзи кечагина лавозимга тайинланган Британия Мудофаа вазирининг дарров Киевга ташриф буюрганидан билишимиз мумкин.
Буюк Британияда бошқарув рули ўзгаргани ўз ўрнида Марказий Осиё ва бу ерда қарор топган давлатлар, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам қайсидир маънода муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Кўплаб сиёсий таҳлилчиларга кўра, юқорида айтиб ўтганимиздек, Стармер ташқи сиёсатда эски қолипдан фойдаланади. Агар бу тахминлар ўзини оқлагудек бўлса, Британия ва Марказий Осиё дарвозаси бўлган Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда олдинга силжиш кузатилиши мумкин. Сабаби, жорий йилда Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири ва Ташқи ишлар вазири Девид Кемерон Ўрта Осиё турнеси давомида Тошкентга кириб ўтгани ва бу ташриф Ташқи ишлар идораси раҳбари даражасидаги сўнгги 27 йил ичида биринчиси эканлигини эътиборга олишимиз лозим.
Кир ҳукумат раҳбари бўлиши билан, унинг Лейбористлар партиясидан эканлиги ва узоқ йиллик танаффусдан сўнг партиянинг Британия бошқарувига қайтиши кўп томонлама Тони Блерни эсга солмоқда. Ҳатто бугун айримлар ушбу икки шахсни бир-бирига таққослашни ҳам бошлаб юборган. Бироқ ўйлашимизча, ер сайёраси ва инсоният дунё сиёсатида иккинчи Блер пайдо бўлишидан манфаатдор эмас. Биз ҳам Кир Стармерни Тони Блерга ўхшамаслиги ва у томонидан қилинган ҳамда келажакда ҳеч қачон қабул қилмайдиган даҳшатли хатоларни такрорламаслигига умид қиламиз.
LiveБарчаси