Макрон ва Стармер Байденни Россия ичкарисига зарба беришга кўндирмоқчи – “Telegraph”
Олам
−
11 Ноябрь
5214Британия ҳукумати АҚШ Президенти Жо Байден январь ойида муддати тугагунига қадар Россия ҳудудига чуқур зарба беришда Ғарбнинг узоқ масофали ракеталаридан фойдаланишга рухсат беришини кутмоқда. Бу ҳақда қироллик ҳукуматидаги манбаларга таяниб, “The Daily Telegraph” газетаси хабар берди.
“Биз кейинги маъмуриятгача ҳамма нарсани тўхтатиб қўйиш ўрнига 20 январгача бўлган вақтдан унумли фойдаланишдан жуда манфаатдормиз”, деди нашрга номи ошкор этилмаган манба.
Яна бир манбанинг қайд этишича, Британия ҳукумати Байден яқин ҳафталарда Киевга иқтисодий ёрдам кўрсатишни тезлаштиришини кутмоқда.
Газетанинг ёзишича, бугун, 11 ноябрь куни Парижда Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Бош вазир Кир Стармер ўртасида бўлиб ўтадиган учрашувда Британиянинг узоқ масофага учувчи Storm Shadow ракеталарини Россия Федерациясига чуқур зарбалар бериш учун ишлатишга рухсат бериш масаласи муҳокама қилинади. “The Daily Telegraph” газетасининг фикрича, агар бу қарор маъқулланса, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 20 январда лавозимга киришгач, қарорни қайта кўриб чиқиши қийин бўлади.
Сентябрь ойида “The Times” газетаси манбаларга таяниб, Буюк Британия АҚШнинг рухсатисиз Россия ҳудудига чуқур зарбалар бериш учун Storm Shadow’дан фойдаланишга рухсат бермаслиги ҳақида хабар берган эди. Қайд этилишича, Лондон “бир ўзи бундай қадам ташламайди”, чунки бу ракеталардан муваффақиятли фойдаланиш Америка бошқарув тизимларисиз мумкин эмас.
LiveБарчаси