Исроил Ғазони вайрон қилиб, энди Ливанни нишонга олмоқда – Эрдўған

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроилни Ливанга қарши урушни кенгайтираётганликда айблади. Бу ҳақда у ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партиясининг парламентдаги фракцияси йиғилишида сўз очди.

У Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни минтақани фалокатга олиб бораётганлигини айтган. Туркия Президентининг нутқига кўра, Нетаньяхунинг Ливанга ҳарбий ҳужум уюштириш режалари бутун минтақада кенг кўламли фалокат келтириб чиқариши мумкин.

“Исроил Ғазо секторини вайрон қилиб, энди Ливанни нишонга олмоқда. Нетаньяхунинг урушни бутун минтақага ёйиш режалари катта фалокатга олиб келади”, деган Эрдўған.

Шунингдек, Эрдўған Ғазодаги урушни тугатиш йўлидаги энг самарали қадам бу – Фаластин давлатининг тан олиниши эканлигини яна бир бор таъкидлади.

“Фаластинни кўпроқ давлат тан олиши учун алоқаларимизни давом эттирамиз”, деган Туркия раҳбари.

Эрдўған бу борада Ислом олами ва Яқин Шарқ давлатлари “бу қонли режаларга” биринчи бўлиб жавоб қайтариши кераклигини таъкидлаган.

“Туркия қардош Ливан халқи ва давлатини қўллаб-қувватлайди. Мен минтақадаги бошқа мамлакатларни Ливан билан бирдамликка чақираман. Биз Ғарб давлатлари Исроилга парда ортидан ёрдам бераётганини кўряпмиз. Эркинлик, инсон ҳуқуқлари ва адолат ҳақида гапирадиган давлатлар Нетаньяхудек руҳий касал одам томонидан асирга олингани ниҳоятда оғир ва ачинарлидир”, деган Туркия раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нетаньяху Ливан билан чегарада “кучли ҳаракатлар”га тайёрлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрдўған Исроил Ливан Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг