Зилзиладан жабр кўрган оилаларга 3 ой давомида $285 дан берилади
World
−
12:48 772 2 minutes
Колумбияда 10 август куни содир бўлган 7,4 магнитудали зилзилада ҳалок бўлганлар сони 331 нафарга етди. Зилзилада уйи вайрон бўлган ёки яшаш учун яроқсиз ҳолга келган оилаларга бугун, 26 августдан бошлаб уч ой давомида ҳар ой 875 минг 452 песо, яъни тахминан 285 доллар миқдорида ёрдам берилади. Бу ҳақда Миллий офатлар хавфини бошқариш бўлинмаси маълум қилди.
Қайд этилишича, зилзилада ҳалок бўлганлар сони яна икки нафарга ошиб, 331 нафарга етган. Шунингдек, вайроналар остидан 364 киши тирик ҳолда қутқарилган. Зилзила оқибатида жароҳатланганлар эса 4 минг 439 кишига етиб, 240 киши бедарак йўқолган.
Колумбия ҳукумати 7,4 магнитудали зилзила оқибатида юзага келган вайронагарчиликларга қарши курашни енгиллаштириш мақсадида “иқтисодий, ижтимоий ва экологик фавқулодда ҳолат” эълон қилган.
Колумбия Президенти Абелардо де ла Эсприэлья жорий йилнинг 18 август куни қилган баёнотида зилзила дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 9,5 миллиард доллар миқдорида зарар етказганини билдирган эди.
Шунингдек, Президент қайта қуриш жараёнини бошқариш мақсадида “Мўжиза жамғармаси” ташкил этилганини маълум қилган.
Қайд этилишича, жамғарма 1999 йилда Колумбиянинг Армания шаҳрида содир бўлган зилзиладан сўнг ташкил этилган “Қаҳва ўқини қайта қуриш ва ижтимоий ривожлантириш жамғармаси” тажрибаси асосида бошқарилади.
Ҳукумат уйидан айрилган оилаларга ижара ҳақи учун ёрдам, коммунал хизматлардан фойдаланишда енгиллик, янги уй-жой ва мавжуд уйларни таъмирлаш учун кўмак кўрсатишни режалаштирмоқда.
Зилзилада уйи вайрон бўлган ёки яшаш учун яроқсиз ҳолга келган оилаларга бугун, 26 августдан бошлаб уч ой давомида ҳар ой 875 минг 452 песо, яъни тахминан 285 доллар миқдорида ёрдам берилади.
“Биз нафақат йўқотганларимиз ўрнига янгисини қурамиз. Мавжуд инфратузилмани янада хавфсиз, чидамли ва кўпроқ иш ўринлари яратадиган тарзда яхшироқ қурамиз”, деган Абелардо де ла Эсприэлья.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 августга ўтар кечаси Индонезиянинг Флорес ороли яқинида 7,7 магнитудали зилзила сабабли 3 та провинцияда цунами хавфи эълон қилинган эди. Ер силкинишлари турар жой бинолари, мактаблар, давлат муассасалари ва шифохоналарнинг вайрон бўлишига олиб келган.
Live
All