Жапаров президентлик сайловига аралашган амалдорларни ишдан ҳайдашни буюрди

World

−

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров кеча, 25 сентябрь куни 2027 йил бошида ўтиши режалаштирилган президентлик сайловини эркин ва шаффоф ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатга кўра, ўқитувчилар, ўқувчилар, педагоглар, талабалар, тиббиёт ходимлари, ижтимоий хизматлар ва бошқа давлат ҳамда муниципал (ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқига эга бўлган) ташкилотлар ходимларини номзодлар фойдасига сайловолди ташвиқотига жалб қилиш тақиқланади.

Шунга кўра, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасига сайловолди ташвиқотида қонунга хилоф равишда иштирок этган ёки хизмат мавқеидан номзодлар манфаати йўлида фойдаланган мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш топширилган.

Зарур ҳолларда бундай раҳбарлар ва ходимларни лавозимидан озод қилиш чоралари ҳам кўрилиши белгиланган.

Қайд этилишича, фармон давлат ва муниципал органларнинг сайлов жараёнига аралашуви ҳамда маъмурий ресурсдан фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган. Марказий сайлов комиссиясига сайлов қонунчилигини бир хил тарзда қўллаш ва фуқароларни сайлов жараёни ҳақида хабардор қилиш бўйича қўшимча чоралар кўриш тавсия этилган.

Ҳужжатда халқаро кузатувчиларнинг Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ сайлов жараёнида иштирок этиши ҳам назарда тутилган.

Маълумот учун, Қирғизистон Жогорку Кенеши президентлик сайловини 2027 йил 27 январь кунига белгилаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров навбатдаги президентлик сайловида иштирок этиб, иккинчи муддатга сайланиш учун номзодини қўйиш нияти борлигини билдирганди.

Жорий йил 24 сентябрь куни эса Қирғизистоннинг собиқ ички ишлар вазири, сиёсатчи Омурбек Сувоналиев ҳам президентлик сайловида номзод сифатида қатнашиш нияти борлигини айтганди. Сувоналиев, шунингдек, Қирғизистонда сиёсий майдон сўнгги йилларда анча қисқаргани, айрим сиёсатчиларнинг ҳибсга олингани ёки сиёсий фаолияти чеклангани ҳақида ҳам гапирган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends