Зеленский зиддиятлардан сўнг Польша билан муносабатларни яхшилашга урунди

World

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Иккинчи жаҳон уруши даврида полякларни ўлдирган Украина қўзғолончилар армияси (УПА) шарафига ҳарбий бўлинмага ном берилгани ортидан Польша билан юзага келган келишмовчиликни юмшатиш учун қатор чораларни эълон қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, кеча, 17 июль куни Зеленский Польша билан муносабатларга бағишланган йиғилиш ўтказган ва УПА томонидан содир этилган қирғинлар бўйича терговларни кенгайтириш, шунингдек, разведка архивларини очишга ваъда берган.

Президентнинг таъкидлашича, Россиянинг 2022 йилдаги босқинидан кейин Польша Украинага катта ёрдам кўрсатгани боис икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.

“Устувор вазифалар аниқ – Европада барчамизга ўзаро ҳурматга асосланган яхши қўшничилик, тенг ва ўзаро манфаатли муносабатлар керак. Польша Россиянинг тўлиқ кўламли босқини бошланганидан бери Украинага катта ёрдам кўрсатди ва биз бунинг учун миннатдормиз”, деган Зеленский X ижтимоий тармоғида.

Маълум қилинишича, Польша Бош вазири Дональд Туск ҳам бу баёнотни олқишлаган.

“Бизни бирлаштирадиган ҳамда бугун бўлиб турган масалалар юзасидан жиддий ва дўстона мулоқотга тайёрмиз”, деган Туск.

Йиғилишда Зеленский кескинликни камайтириш учун янги дипломатик чоралар кўрилишини маълум қилган. Шунингдек, Украина Хавфсизлик хизмати ва Ташқи разведка хизмати архивларини Волинь ҳудудида этник полякларга қарши содир этилган қирғинлар бўйича очиш топширилган.

Тарихчилар маълумотларига кўра, УПА ва унга иттифоқчи миллатчи гуруҳлар 1943–1945 йилларда келажакдаги Украина ҳудудини поляк аҳолисидан тозалаш мақсадида Волинь минтақасида 70–100 минг нафар полякни ўлдирган. Кейинги қасос ҳужумларида эса минглаб украинлар ҳам ҳалок бўлган.

Зеленский қурбонларнинг жасадларини қазиб олиш ишларини кенгайтириш, тарихий мулоқотни кучайтириш ва Украина тарих институтини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча ресурслар ажратилишини ҳам билдирган. Бироқ Украина расмийлари УПА шарафига ҳарбий бўлинмага ном бериш ҳақидаги қарор бекор қилинишига ишора қилмаган. Уларнинг таъкидлашича, қайси шахслар миллий қаҳрамон сифатида эътироф этилишини Украина мустақил равишда ҳал қилади.

Нашрга кўра, Украинада айримлар УПАни нацист Германияси ва Совет қўшинларига қарши курашган ҳамда мамлакатнинг Москвадан мустақиллик учун кураши рамзи сифатида баҳолайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Президенти Кароль Навроцкий Украина Қуролли кучлари бўлинмаларидан бирига “Украина қўзғолончилар армияси” (УПА қаҳрамонлари) номи берилгани сабабли Украина етакчиси Владимир Зеленскийни “Оқ бургут” орденидан маҳрум қилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends