Польша Президенти Зеленскийдан олий орденни олиб қўйди
Олам
−
14:32 3927 3 дақиқа
Польша Президенти Кароль Навроцкий Украина Қуролли кучлари бўлинмаларидан бирига “Украина қўзғолончилар армияси” (УПА қаҳрамонлари) номи берилгани сабабли Украина етакчиси Владимир Зеленскийни “Оқ бургут” орденидан маҳрум қилди. Бу ҳақдаги тегишли баёнот Польша президентининг расмий сайтида эълон қилинди.
“Президент Владимир Зеленскийнинг Украина Қуролли кучлари бўлинмаларидан бирига “УПА қаҳрамонлари” номи берилишига розилик берганини инобатга олиб ҳамда Капитул билан маслаҳатлашувлардан сўнг, мен Украина президентини “Оқ бургут” орденидан маҳрум қилиш ҳақида қарор қабул қилдим”, дейди Навроцкий ўз мурожаатида.
У ушбу қадам “Украина халқига қарши қаратилмаганини” ва “Польша хавфсизлик сиёсатининг стратегик йўналиши ўзгарганини англатмаслигини” алоҳида таъкидлаган.
“Биз Украинани қўллаб-қувватлаганмиз ва қўллаб-қувватлашда давом этамиз”, дейди у.
Польша Президенти Польша жамиятининг салмоқли қисми учун УПА Иккинчи жаҳон уруши йилларида Польша фуқароларига қарши содир этилган жиноятлар билан боғланишини эслатиб ўтган. Навроцкийнинг қайд этишича, Варшава ушбу масаланинг нозик жиҳатларини Киевга бир неча бор кўрсатган ва ҳарбий қисмга ном бериш тўғрисидаги қарор оқибатларини қайта кўриб чиқишни сўраган, бироқ “Украина томонининг позицияси ўзгаришсиз қолган”.
Худди шу куни Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Навроцкийнинг қарорига жавобан Польшанинг давлат мукофоти – 2022 йилнинг октябрь ойида ўзига берилган “Польша олдидаги хизматлари учун” орденининг юлдузли Командор хочидан воз кечган. Украина вазири давлат мукофотини Польшага қайтариб беришини маълум қилиб, “гап орденларда эмас, балки муносабатда” эканини билдирган.
Украина Қуролли кучлари бўлинмасига “УПА қаҳрамонлари” номи берилиши Польшада кескин реакцияга сабаб бўлган: Навроцкий Сейм депутати Гжегож Плачекнинг Зеленскийни мукофотдан маҳрум қилиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Польша Мудофаа вазирлиги раҳбари Владислав Косиняк-Камиш “кесиб ўтиш мумкин бўлмаган чегаралар борлигини” айтган, республика ТИВ эса Украинанинг Варшавадаги элчиси Василий Боднарни чақиртирган. Польшанинг Украинадаги собиқ элчиси Бартош Чихоцкий ҳам “УПАнинг улуғланиши сабабли” 2025 йилда Зеленскийдан олган “Хизматлари учун” медалини қайтариб берган.
“Rzeczpospolita” нашрининг манбаларга таяниб ёзишича, Навроцкий Киевга “имкониятлар ойнаси” тақдим этган ҳолда, Зеленскийдан Польшанинг олий давлат мукофотини қайтариб олиш жараёнини маълум вақт давомида онгли равишда бошламай турган.
Зеленский “Оқ бургут” орденини 2023 йилнинг апрель ойида қабул қилиб олган эди – ўша пайтдаги Польша Президенти Анжей Дуда ушбу мукофотни топшираётиб, у “ўз ҳаёти билан Польша Республикасига улкан ҳисса қўшган алоҳида инсонларга” берилишини таъкидлаган.
Маълумот учун, УПА – Украина қўзғолончилар армияси (Українська повстанська армія) бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши даврида (1942–1953 йилларда) фаолият юритган ҳарбийлаштирилган сиёсий ташкилотдир. Унинг сиёсий раҳнамоси Степан Бандера бўлган. Замонавий Украина расмий тарихида ва жамиятининг маълум бир қисмида УПА вакиллари миллий қаҳрамонлар сифатида кўрилади. Бироқ Польша, Россия ва бир қатор халқаро тарихчилар учун УПА аъзолари қаҳрамон эмас, балки шафқатсиз ҳарбий жиноятчилар ва радикал миллатчилар ҳисобланади. Хусусан, Волинь қирғини (1943–1944): Польша тарихидаги энг оғриқли нуқта. Уруш даврида УПА жангчилари ҳозирги Украинанинг ғарбий қисмида (Волинь вилоятида) яшаган этник польшаликларга қарши оммавий қирғин уюштирган. Оқибатда 50 мингдан 100 минггача тинч аҳоли шафқатсизларча ўлдирилган. Польша Сейми бу воқеани геноцид деб тан олган.
Live
Барчаси