Эрдўған инқироз ортидан аразлаган Алиевнинг олдига бормоқчи

World

−

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған икки томонлама алоқалардаги инқироз фонида Озарбайжонга ташриф буюрмоқчи. Бу ҳақда Туркия етакчиси бугун, 5 ноябрь куни Жанубий Кореядан қайтаётганда самолётда журналистларга маълум қилди.

“Фавқулодда ҳолат юзага келмаса, 8 ноябрь куни Озарбайжонга ташриф буюришни режалаштиряпман. Бу сафар икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш бўйича зарур қадамларни ташлаш учун имконият бўлиши мумкин”, дейди Эрдўған.

Баку билан муносабатларнинг ҳолати ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Эрдўған “Туркия ва Озарбайжон қардошлиги” енгиб ўта олмайдиган тўсиқлар йўқлигини қайд этган.

Эрдўған Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали музокаралар ўтказиб бўлганини билдирган. Бундан ташқари, унга кўра, Туркия Миллий разведка ташкилоти раҳбари ва Ташқи ишлар вазири Бакуга юборилган. Туркия Президенти, шунингдек, олий даражадаги дипломатик алоқалар давом этаётганини, жумладан, Алиев билан телефон орқали сўзлашувлар ҳамда уларнинг турмуш ўртоқлари ўртасидаги мулоқотларни маълум қилган.

Қайд этиш жоиз, сўнгги ойларда Анқара ва Баку ўртасидаги муносабатларда бир қатор масалалар бўйича келишмовчиликлар юзага келди. Сентябрь ойида Озарбайжон ҳукумати давлат мактаблари ўқувчиларининг ташқи кўринишини тартибга солувчи қоидаларга ўзгартиришлар киритди. Янги меъёрлар ягона мактаб формаси стандартини бузувчи ёки таълимнинг дунёвий хусусиятига мос келмайдиган кийим элементларини тақиқлайди.

Қарор Туркияда, жумладан, юқори сиёсий даражада танқидларга сабаб бўлди. Озарбайжон парламенти депутати Жайҳун Мамедов журналистларга ислоҳот таълим муассасаларида диний, этник ва ижтимоий-иқтисодий фарқларни бартараф этишга қаратилганини изоҳлади. Ҳужжатда “ҳижоб” сўзи тилга олинмаган бўлса-да, ўзгартиришлар уни ўрашга ҳам дахлдор бўлди.

Кейинчалик Озарбайжон ТИВ республикада ҳокимиятни зўравонлик билан ўзгартиришга чақиргани учун 31 нафар Туркия фуқаросини номақбул шахслар рўйхатига киритди. Бунга қадар Озарбайжон Бош прокуратураси мамлакатда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга очиқдан очиқ чақириқлар қилиш бўйича жиноят иши доирасида етти нафар Туркия фуқаросини халқаро қидирувга берган эди.

Эслатиб ўтамиз, муносабатлар совуқлашуви фонида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “иш жадвалининг тиғизлиги сабабли” жорий йилнинг 29–30 октябрь кунлари Туркияда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этмаганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends