Йўловчи бомба ҳақидаги ҳазили учун рейсдан қолдирилди
World
−
18:16 428 2 minutes
Кеча, 3 сентябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида йўловчи сумкасида бомба бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳазил қилгани учун Олмаота – Ақтау рейсидан олиб қолинди. Бу ҳақда “TengriNews” хабар берди.
Маълум қилинишича, йўловчи авиакомпания далолатномаси асосида транспорт полицияси ходимлари томонидан рейсдан олинган. Бунга унинг қозоқ тилида айтган “Бу сумкада қўрғошинми ёки бомба борми?” деган гапи сабаб бўлган.
Шундан сўнг, транспорт полицияси ва авиация хавфсизлиги ходимлари йўловчи ҳамда унинг багажини текширган. Текширув натижасида портловчи моддалар ёки бошқа тақиқланган буюмлар аниқланмаган. Ҳодиса сабаб аэропортда эвакуация ўтказилмаган ва ҳаво бандаргоҳи одатдагидек ишлаган.
Полиция маълумотига кўра, йўловчи майда безорилик учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Ҳолат бўйича тузилган материал судга юборилади. Транспорт полицияси йўловчиларни самолёт бортида хавфсизликка таҳдид сифатида қабул қилиниши мумкин бўлган гапларни, ҳатто ҳазил тариқасида ҳам айтмасликка чақирган.
Қайд этилишича, Қозоғистон Жиноят кодексининг 273-моддасига кўра, террорчилик акти ёки бошқа хавфсизлик таҳдиди ҳақида била туриб ёлғон хабар бериш учун 5000 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичигача жарима, мажбурий жамоат ишлари ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Олмаота халқаро аэропортида Ўзбекистон фуқароси “сумкамда бомба бор” деб ҳазиллашгани учун жаримага тортилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All