“Етар!” УЕФА раҳбари Инфантинони истеъфога чиқишга чақирди
Sport
−
09:30 711 2 minutes
Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) раҳбари Александер Чеферин Халқаро футбол федерацияси (FIFA) президенти Жанни Инфантинони истеъфога чиқишга чақирди. Бу ҳақда “L'Equipe” хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, УЕФА раҳбари кеча, 29 сентябрь куни Европа клублари ассоциациясининг умумий йиғилишида Инфантинони танқид қилиб чиққан. FIFA раҳбари ҳам ушбу тадбирга таклиф этилган, бироқ Инфантино тадбирга бормаган.
“Энди “етар” дейиш вақти келди. Ортинггиздан меросингизни сотиш муҳокама қилинаётганини тасаввур қилиб кўринг. Футбол унга раҳбарлик қилаётганлардан кўра муҳимроқдир. Ҳеч ким унинг келажагини сотиш ҳуқуқига эга эмас. Футбол сотилмайди. Бугун ҳам, эртага ҳам”, дейди Чеферин.
FIFA’даги жанжал
Аввалроқ, FIFA эркаклар, аёллар ва клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатлари ҳуқуқларини хусусий инвесторларга сотиш бўйича лойиҳани шакллантирган эди. Бунга жавобан Европа футбол ассоциациялари иттифоқининг барча аъзолари ушбу ташаббусдан тўлиқ воз кечилгунига қадар FIFA турнирларига бойкот эълон қилди.
УЕФА позициясини Америка ва Осиё конфедерациялари ҳам қўллаб-қувватлади. Уларнинг барчаси, жумладан, FIFA’ни янги тижорат концепциясини шакллантиришда шаффофликнинг етарли эмаслигида айблади.
Жанжал фонида FIFA раҳбари маслаҳатчисининг норозилик белгиси сифатида истеъфога чиққани маълум бўлди. УЕФАда эса ҳатто ЖЧнинг ўз версиясини ўтказиш режаси ишлаб чиқилди.
Кейинчалик ФИФА Жаҳон чемпионати ҳуқуқларини сотиш бўйича жанжалли режани амалга оширишдан воз кечди. шунингдек, FIFA раҳбарияти Инфантинони қўллаб-қувватлашини билдирди ва ЖЧ ҳуқуқларини сотиш лойиҳасидаги хатоларни тан олди. Бундан ташқари, FIFA Жанни Инфантинонинг обрўсига путур етказишга бўлган уринишлар ҳақида маълум қилди.
АҚШ Футбол федерацияси FIFA бошқарув тузилмасида ўзгаришлар қилишга чақирди – ташкилот бир қатор бошқа футбол иттифоқлари билан биргаликда қўшма баёнот эълон қилди.
18 август куни FIFA’нинг бош оператив директори Кевин Ламурнинг ишдан бўшатилгани маълум бўлди.
Шунингдек, Европа футбол ассоциациялари иттифоқи FIFA раҳбари Жанни Инфантинога қарши жиноий даъво аризаси беришни режалаштираётгани маълум бўлди.
Сентябрь ойи бошида жанжалга қарамай, Инфантино FIFA’даги янги президентлик муддатига ўз номзодини қўйиши маълум бўлди.