Ернинг икки қутбидаги 12,5 трлн тонна муз эриб кетди
World
−
14:09 1111 1 minute
Гренландия ва Антарктидада 1979 йилдан буён 12,5 триллион тонна муз эриб кетган. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Ернинг исиши сайёрадаги иккита йирик муз қопламининг эришини тезлаштирмоқда. Эриган музнинг қарийб бешдан тўрт қисми ҳавонинг исиши сабабли эмас, балки океанлардаги сувнинг илиқлашиши натижасида йўқолган. Илиқ сув музликларнинг пастки ва чекка қисмларини емириб, уларнинг океан томон тезроқ силжишига сабаб бўлмоқда. Оқибатда денгиз сатҳи ҳам кўтарилмоқда.
Калифорния университети (Ирвайн) музликшуноси Эрик Риньотнинг айтишича, муз қопламлари тез суръатда камаймоқда. Қутб ҳудудларидаги музларнинг эриши бутун дунёда денгиз сатҳининг кўтарилишига олиб келади. Бу эса қирғоқбўйи ҳудудларининг иқлим ўзгаришига нисбатан заифлигини янада ошириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар дунё океанида кузатувлар тарихидаги энг юқори ҳароратни қайд этгани ҳақида хабар берилган эди.