Ер аҳолиси огоҳлантирилди
World
−
18:09 12067 2 minutes
Тинч океанида шаклланаётган Эль-Ниньо ҳодисаси сўнгги бир асрдаги энг кучли жараёнга айланиши мумкин. Буюк Британия Метеорология идораси бу ҳодиса 2027 йилни рекорд даражадаги энг иссиқ йилга айлантириши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Метеорология идораси узоқ муддатли прогнозлар бўлими раҳбари профессор Адам Скайф Эль-Ниньо сигналини “мисли кўрилмаган” деб атаган. Унинг айтишича, прогнозларда илгари бундай кучли Эль-Ниньо кузатилмаган. Тинч океанидаги денгиз юзаси ҳарорати ҳозирнинг ўзида одатдагидан 2 даражадан кўпроқ юқори бўлиб, йил охирига келиб бу фарқ 3 даражадан ошиши мумкин.
Айрим иқлим гуруҳлари эса ҳароратдаги фарқ 4 даражагача етишини тахмин қилмоқда. Бу ҳолат амалга ошса, олимлар ҳодиса сўнгги 500 ёки ҳатто 1000 йил ичидаги энг кучли Эль-Ниньо бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.
Эль-Ниньо одатда ҳар 2-7 йилда бир марта юзага келади. Бу жараёнда Тинч океанидаги пассат шамоллари заифлашади ёки йўналишини ўзгартиради, натижада илиқ сув шарққа силжийди. Океандан атмосферага катта миқдорда иссиқлик чиқиши эса глобал ҳарорат ва ёғингарчилик тартибига таъсир қилади.
Мутахассислар Эль-Ниньо таъсири аллақачон сезила бошлаганини айтмоқда. Ҳиндистонда муссон ёмғирлари одатдагидан кам бўлаётгани, Атлантика океанида эса довуллар фаоллиги пасайгани қайд этилган. Австралияда қурғоқчилик ва ўрмон ёнғинлари, Жанубий Америка ҳамда АҚШ жанубида эса сув тошқинлари хавфи ортиши мумкин.
Буюк Британияда эса куз ва қиш ойларида ёмғир ҳамда бўронлар кучайиши кутилмоқда. Метеорология идораси маълумотларига кўра, Эл-Нино таъсирида Жанубий яримшарнинг айрим ҳудудларида кучли қурғоқчилик, Шимоли-Ғарбий Европада эса нам ва бўронли об-ҳаво кузатилиши мумкин.
Метеорология идораси иқлимшуноси Ник Данстоуннинг таъкидлашича, кучли Эл-Нино даврида океандан атмосферага катта миқдорда иссиқлик чиқади. Шу сабабли, 2027 йил 2024 йилги энг иссиқ йил рекордини янгилаши эҳтимоли жуда юқори.
Маълумот учун, Эль-Ниньо – Тинч океанининг экваториал қисмидаги сувлар одатдагидан исиб кетиши билан боғлиқ табиий иқлим ҳодисаси бўлиб, у бутун дунёда ҳарорат, ёғингарчилик ва шамол режими ўзгаришига олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ер сайёраси мисли кўрилмаган иссиқлик даврига кириб бораётгани, кучайиб бораётган Эл-Нино ҳодисаси эса яқин ойларdayoq янги ҳарорат рекордларига олиб келиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳукуматларни аҳолини ҳимоя қилиш чораларини тезлаштиришга ва қазилма ёқилғидан фойдаланишни янада кенгайтиришдан воз кечишга чақирган.
Live
All