Японияда рекорд даражада ёмғир ёғиб, камида 8 киши ҳалок бўлди
World
−
20:25 616 2 minutes
Япониянинг шарқий ҳудудларида кузатилган мисли кўрилмаган кучли ёмғир оқибатида камида 8 киши ҳалок бўлди. Табиий офат Чиба префектурасида электр таъминотининг узилишига, транспорт қатновининг издан чиқишига ва минглаб одамларнинг аэропортда қолиб кетишига сабаб бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, Чиба префектурасида кеча, 13 август куни тушдан кейин бир соатда 100 миллиметрдан ортиқ ёмғир ёғган. Бу август ойидаги ўртача кўрсаткичдан қарийб уч баравар кўп бўлиб, мамлакатда қайд этилган энг юқори ёғингарчилик ҳажми сифатида баҳоланган. 20 мингдан ортиқ хонадон электр таъминотисиз қолган.
Маҳаллий ҳукуматлар энг юқори бешинчи даражадаги фавқулодда огоҳлантиришни эълон қилган. 100 мингдан ортиқ хонадон аҳолисига эвакуация қилиш тавсия этилган. Кучли ёмғир кўчкиларга сабаб бўлган, айрим темир йўл қатновлари ва автомобиль йўллари вақтинча ёпилган.
Ҳалок бўлганлар орасида сув босган йўлда автомобили ичида қолиб кетган аёл ҳам бор. Яна икки киши кўчада йиқилиб, кейинчалик вафот этган.
Ёмғир оқибатида Токиодаги Нарита аэропортида ҳам минглаб йўловчилар қолиб кетган. Қарийб 1 800 киши Чиба префектураси ҳукумат биносида тунган. Аэропорт маъмурияти жума куни барча рейслар жадвал бўйича амалга оширилишини билдирган, бироқ айрим рейсларда кечикишлар кутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япониянинг жанубий Окинава префектурасига “Дельфин” тайфуни етиб келиши оқибатида 6 киши жароҳатлангани, 50 мингдан ортиқ хонадон ва бино электр таъминотидан узилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All