Янги алифбо учун клавиатурада алоҳида тугмалар пайдо бўлади

Local

image
Ўзбекистонда ОАВ мажбуран янги алифбога ўтказилиши мумкин (видео) north_east

Ўзбекистонда ОАВ мажбуран янги алифбога ўтказилиши мумкин (видео)

2027 йилдан 1-синф дарсликлари янги алифбода чоп этилади north_east

2027 йилдан 1-синф дарсликлари янги алифбода чоп этилади

Ўзбекистонда янги ўзбек алифбосига ўтиш жараёнида компьютер клавиатураларида Ö, Ğ, Ş ва Ç ҳарфлари учун алоҳида тугмалар пайдо бўлиши мумкин. Шунингдек, давлат ахборот тизимлари, электрон ҳукумат платформалари, маълумотлар базалари ва электрон ҳужжат айланиши ҳам янги алифбога мослаштирилади. Бу ҳақда бугун, 10 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбўтаев маълум қилди.

Масала сенатор Ҳусан Эрматов томонидан кўтарилган. У янги алифбода тўртта ҳарфнинг шакли ўзгариши муносабати билан уларни давлат ахборот тизимларида қўллаш учун техник тайёргарлик қандай кетаётганини сўраган.

Хусусан, сенатор давлат ахборот тизимлари, электрон ҳукумат платформалари, электрон ҳужжат айланиши ва маълумотлар базаларини янги ҳарфларга мослаштириш масаласига ойдинлик киритишни сўраган.

Унинг саволига Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Нурилла Абдуллаев жавоб берган. Унинг айтишича, бу борада Вазирлар Маҳкамаси ва Сенат билан ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

“Қонун қабул қилиниши билан бу режаларни амалга оширишга ўтамиз”, дейди Нурилла Абдуллаев.

У янги алифбога ўтиш жараёнида ягона техник стандарт ишлаб чиқилиши, маълумотлар базалари аудитдан ўтказилиши ва улардаги Ö, Ğ, Ş ва Ç ҳарфлари автоматик равишда алмаштирилишини маълум қилган.

Шунингдек, ахборот тизимлари ўртасидаги интеграция ва маълумотлар алмашинуви, электрон ҳужжат айланиши ҳам янги алифбога мослаштирилади. Фуқароларга оид маълумотларни миграция қилиш, қидирув ва идентификация механизмларини такомиллаштириш ҳам режалаштирилган.

“Биринчидан, биз бу жараёнда ягона техник стандарт ишлаб чиқамиз. Иккинчидан, маълумотлар базалари аудитдан ўтказилади ва уларда мавжуд O‘, G‘, Sh, Ch каби ҳарфлар автоматик равишда алмаштирилади. Учинчидан, интеграция ва маълумотлар алмашинуви мослаштирилади. Тўртинчидан, электрон ҳужжат айланиши мослаштирилади. Бешинчидан, фуқаролар ва маълумотларни миграция қилиш жараёнлари амалга оширилади. Олтинчидан, қидирув ва идентификация механизмлари такомиллаштирилади”, деди у.

Абдуллаевнинг таъкидлашича, Ö, Ğ, Ş ва Ç ҳарфлари бошқа давлатларда ҳам қўлланилаётгани учун уларни техник тизимларга жорий қилиш нисбатан осон кечиши мумкин.

Янги алифбода компьютерда ёзиш масаласига Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбўтаев ҳам тўхталди. Унинг айтишича, мутахассислар клавиатураларни янги алифбога мослаштириш бўйича таклифларни аллақачон ишлаб чиқмоқда.

Унинг сўзларига кўра, клавиатурадаги бўш тугмаларга янги тўртта ҳарфни жойлаштириш мумкин. Бу янги ҳарфларни ёзишни анча осонлаштиради.

“Жуда қисқа фурсат ичида ўша бўш катакларга ҳарфлар жойлашади ва биз беш-олти ҳаракат билан эмас, битта тугмани босганда ўша бизга қийинчилик туғдираётган ҳарфларни ёзиш имконига эга бўламиз”, деди Холбўтаев.

Департамент раҳбари янги алифбога ўтиш учун махсус дастурлар ҳам пайдо бўлаётганини айтди. Унинг маълум қилишича, айрим хусусий рақамли технология мутахассислари расмий қонун ҳали қабул қилинмасидан туриб, матнларни янги алифбога ўгирувчи дастурларни ишлаб чиқишни бошлаган.

Бундай дастурлар кирилл ёзуви ёки ҳозир амалда бўлган лотин ёзувидаги матнларни янги алифбога автоматик тарзда ўгириш имконини беради.

“Ҳали биз қонунни қабул қилмасдан бугун аҳолининг бу дастурлардан фойдаланиш имконияти бор. Рақамли технологиялар мутахассислари бунга чанқоқ эди, ташна эди. Бугун шу янгиликни хурсандчилик билан қабул қилиб, ҳеч қандай топшириқсиз, ўзларининг ташаббуси билан шу клавиатуралар ёки ўша матнларни ўгирувчи дастурларни амалиётга жорий қилиб бошлади”, дейди Нодиржон Холбўтаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенатнинг 19-ялпи мажлисида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқуллангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends

News on the topic