Яманда ҳусийлар сабаб уч кунда 169 нафаргача одам ҳалок бўлди
World
−
09:30 843 4 minutes
Яманда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар Қизил денгиз соҳилидаги стратегик баландликлар устидан назорат ўрнатиш учун Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаётган ҳукумат кучлари билан жанг қилмоқда. Сўнгги уч кунда 169 нафаргача одам ҳалок бўлгани айтилди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Ҳусийлар ҳарбий вакилларининг маълум қилишича, 20 сентябрь кунидан бери Таиз, ал-Жавф, Мариб ва Саада вилоятларидаги тўқнашувлар, шунингдек, Саудия Арабистонининг ҳаво ва артиллерия зарбалари оқибатида камида 118 киши ҳалок бўлган. Яман ҳукумати манбалари эса можарода ўз томонида камида 36 киши ҳалок бўлганини билдирган.
Ҳусийлар кеча, 22 сентябрь куни Саудия Арабистони Моҳа порт шаҳрига зарба берганини, оқибатда 6 нафар тинч аҳоли, жумладан 2 нафар бола ҳалок бўлганини айтган. Гуруҳ, шунингдек, Саудия Арабистонининг Яман шимоли-ғарбидаги ал-Жавф вилоятида жойлашган қамоқхонага берган зарбаси оқибатида 9 нафар маҳбус ҳалок бўлганини билдирган.
Яманнинг БМТ томонидан тан олинган ҳукуматини ҳусийларга қарши қўллаб-қувватлаётган Саудия Арабистони шу куни мамлакат жанубида эҳтимолий зарбалар олдидан огоҳлантириш берган. Бу ҳусийлар бир неча йил ичида биринчи марта дам олиш кунлари Саудия пойтахти Ар-Риёдга зарбалар берганидан кейин содир бўлди.
Янги тўқнашувлар ҳусийлар уч ҳафта олдин бошлаган кенг кўламли ҳужумдан кейин авж олди. Ўша ҳужум давомида гуруҳ Яманнинг Қизил денгиз соҳилининг катта қисмини ҳукуматга яқин кучлардан тортиб олди. Бу ҳусийларнинг сўнгги тўрт йилдаги фуқаролик уруши даврида қўлга киритган энг йирик ҳудудий ютуқлари бўлди.
Ҳусийларнинг ҳужуми Эроннинг Ҳурмуз бўғозини ёпиши ортидан аллақачон беқарорлашган жаҳон энергетика бозорларига яна босим ўтказди. Шунингдек, можаро еттинчи ойига кирган АҚШ–Эрон уруши минтақавий кўламини янада кенгайтирди.
Нашрга кўра, ўтган ҳафта ҳусийлар Моҳа ва бошқа стратегик шаҳарларни назоратга олган. Бу уларга жаҳон денгиз орқали ташиладиган юкларининг 10 фоизи ўтадиган муҳим денгиз йўли – Боб ал-Мандаб бўғози устидан назоратни берган. Ҳормуз бўғози ёпилганидан кейин мазкур йўналиш янада муҳим аҳамият касб этди.
Қайд этилишича, тўқнашувлар Ямандаги аллақачон оғир бўлган гуманитар инқирозни янада кучайтирган. Мамлакатда қарийб 22 миллион киши инсонпарварлик ёрдамига муҳтож, 5,2 миллион киши эса ички кўчирилганлар қаторида.
Ямандаги фуқаролик уруши 2014 йилда ҳусийлар пойтахтни эгаллаб, ҳукуматни ағдарганидан кейин бошланган. Шундан сўнг Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция халқаро миқёсда тан олинган Яман ҳукумати ва унга иттифоқчи қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳаво операцияларини бошлаган.
2022 йилда БМТ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилган ва у асосан амал қилиб келган. Бироқ ҳусийлар ҳозирги ҳужумини бошлаганидан кейин вазият яна кескинлашди.
Маълум қилинишича, сўнгги кунларда жанглар Қизил денгиз соҳили яқинидаги стратегик аҳамиятга эга Каҳбуб тоғлари атрофида кучайган. Ҳусийлар сўнгги ҳудудий ютуқларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган бир пайтда ҳукумат кучлари тоғ тизмасини эгаллашларига йўл қўймаслик учун бир нечта фронтда мудофаа чизиғини ушлаб турибди.
Тоғда назорат ўрнатилиши ҳусийларга Қизил денгиз соҳилидаги ҳудудлар устидан стратегик устунлик беради. Шунингдек, бу Яман ҳукумати кучларининг қароргоҳи бўлган Аданни мамлакатнинг ғарбий соҳилидан янада узиб қўйиши ва ҳукуматнинг келгусида қарши ҳужум уюштиришини қийинлаштириши мумкин.
Ҳусийлар бир нечта йўналишда, айниқса Таиз вилояти четлари ва Рас ал-Ара соҳил ҳудудида олдинга силжиган. Гуруҳнинг мақсади Каҳбуб тоғларини назоратга олиш ҳисобланади. Ҳусийларга алоқадор ОАВ ҳудудда эришилган ютуқлар ҳақида хабар берган бўлса, ҳукуматга яқин ОАВ кучлар ҳусийларнинг ҳужумларини қайтарганини маълум қилди.
Ҳусийлар ҳужумни бошлаганидан бери Яманнинг ғарбий қисмида ҳукуматга иттифоқчи кучларни чекинтириб келмоқда. Эронга яқин кучларнинг Боб ал-Мандаб устидан назорат ўрнатиши Саудия Арабистонини хавотирга солмоқда, чунки бу унинг энергетика экспорти учун муҳим бўлган икки денгиз йўлини Эрон ва унинг иттифоқчилари назоратига бериши мумкин.
Саудия Арабистони сўнгги кунларда ҳусийларни тўхтатиш мақсадида Яманга юзлаб зарбалар берди, бироқ бу ҳужумлар ҳозиргача катта натижа бермади.
Дональд Трамп дам олиш кунлари ҳусийларга қарши зарба беришни кўриб чиққан, аммо сўнгги дақиқада бу режадан воз кечгани хабар қилинган. Британия эса мудофаа операцияларида иштирок этаётган Саудия самолётларига ҳавода ёқилғи қуйишда ёрдам беришини маълум қилди. Бу минтақада халқаро аралашув янада кучайиши эҳтимолини очиқ қолдирмоқда.
“Катта еттилик” давлатлари Эронни ҳусийларни қуроллантиришни тўхтатишга чақирган. БМТ Бош ассамблеяси олдидан қабул қилинган қўшма баёнотда давлатлар ҳусийларни Саудия Арабистонига ҳужумларни тўхтатишга чақирган. Бу ҳужумлар нефть инфратузилмасига зарар етказган ва ўнлаб одамларни яралаган.
“Биз ҳусийларни барча ҳарбий ҳаракатларни, тинч аҳолига тегишли кемаларга таҳдид ва ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга ҳамда сиёсий жараёнга виждонан қайтишга чақирамиз”, дейилади баёнотда.
Тўқнашувлар бошланганидан бери қарийб 700 киши ҳалок бўлди, 100 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этди. Айрим яманликлар денгиз орқали жанговар ҳудудларни тарк этмоқда. Тинч аҳоли ғарб томонга – Қизил денгиз орқали Жибутига қочмоқда. Ёрдам ташкилотлари эса Яманда қолган аҳоли учун шароит ёмонлашаётганидан огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистони подшоҳлигидаги муқаддас Макка шаҳрига йўналтирилган учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланилган ҳужумга уринишни қатъиян қоралаганди.
Live
All