Виктор Орбаннинг укаси қўлга олинди

World

−

image

Венгриянинг собиқ бош вазири Виктор Орбаннинг укаси Арон мигрантларни чегарадан ноқонуний ўтказиш бўйича жиноят иши дорасида ушланди. Бу ҳақда бугун, 9 ноябрь куни мамлакатнинг амалдаги ҳукумат раҳбари Петер Мадьяр ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди. 

Бош вазир Миллий мулкни қайтариш ва ҳимоя қилиш бошқармаси (МҚҲҚ) ҳамда Миллий қидирув бюроси (МҚБ) терговни давом эттираётгани, унинг доирасида Арон Орбан ушланган бўлиши мумкинлигини ёзди. МҚҲҚ бугун, 9 ноябрь куни эрталаб Будапешт ва Пешт медьесида одам савдоси бўйича жиноят иши юзасидан бир неча киши қўлга олинганини маълум қилган. 

Пойтахт ва Пешт вилоятида ўтказилаётган операция доирасида бир нечта жойларда ушлаш ва тинтув ишлари олиб борилмоқда. МҚБ терговчилари ва МҚҲҚ ходимлари бир вақтнинг ўзида ҳамда биргаликда давом этаётган иккита жиноий иш бўйича тергов ҳаракатларини амалга оширмоқда. Жиноят ва тергов ҳаракатларининг тафсилотлари ҳақида куннинг иккинчи ярмида ахборот берилиши кутилмоқда. 

Ишга Арон Орбан ҳам алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабар “kontroll.hu” томонидан берилган. Собиқ бош вазирнинг укасига нисбат берилаётган виза битимлари билан боғлиқ иш яқинда ташкил этилган Миллий мулкни қайтариш ва ҳимоя қилиш бошқармаси ишловга олган дастлабки ишлардан бири бўлди.

Мавжуд маълумотларга кўра, Арон Орбаннинг компанияси Вьетнам фуқароларини Печ университетидаги икки кунлик курсга ёздириш орқали уларга Венгрия, демакки, Шенген визасини олишни енгиллаштирган бўлиши мумкин. Ушбу шахслар учун виза процедураларини тезлаштириш мақсадида Орбан бош вазир ҳузуридаги вакиллардан биридан ҳам ёрдам сўрагани айтилмоқда.

Биринчи хабарлар пайдо бўлганидан кўп ўтмай Виктор Орбан Facebook’да юз бераётган воқеаларга муносабат билдирди. 

“Бугун ҳукумат Миллий хавфсизлик комиссияси олдида айғоқчилик можароси бўйича ҳисоб бериши керак эди. Жазолаш тадбири эътиборни чалғитиш қуролидир. Венгрияда жавобгарликка тортиш эмас, балки ҳисоб-китоб қилиш юз бермоқда. Ҳукумат учун бирор нарса ноқулай бўлганда бошқарма ҳаракатга тушади. Ушбу ифлос ўйиндан мақсад сиёсий рақибни йўқ қилиш ва бир партиялик тизимни қуришдир. Мақсад – менман, укам эса шунчаки қурол”, дейди у.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends