Ўзбекистондаги қатор клублар бошқаруви хусусий секторга берилади

Sport

−

image

Ўзбекистондаги бир қатор профессионал футбол клубларини ишончли бошқарувга бериш бўйича очиқ танлов эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) матбуот хизмати хабар берди.

Танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 мартдаги “Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилади.

Қарорнинг 12-банди “б” бандига кўра, профессионал футбол клублари фаолияти билан боғлиқ йиллик харажатларнинг камида 20 фоизи миқдорида ҳомийлик маблағларини киритган тадбиркор ёки тадбиркорлар гуруҳига клубларни ишончли бошқарувга бериш кўзда тутилган.

Жумладан, “Бунёдкор”, “Бухоро”, “Динамо”, “Қизилқум”, “Навбаҳор”, “Насаф”, “Нефтчи”, “Локомотив”, “Машъал”, ОКМК ва “Пахтакор” футбол клублари мазкур танлов доирасида ишончли бошқарувга берилиши мумкин.

Клубларни бошқарувга олган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор имтиёзлар ҳам белгиланган. Хусусан, клуб фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилган ҳомийлик хайриялари учун юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдаси камайтирилади. Бунда имтиёз миқдори солиқ солинадиган фойданинг 10 фоизидан ошмаслиги керак.

Шунингдек, футбол клублари футболчиларининг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилиниши ҳамда улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, ликвидли гаров таъминоти ва истиқболли бизнес-режалар тақдим этилган тақдирда, тижорат банклари томонидан клубларни сотиб олиш, спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 5 йил муддатга, 1 йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 14 фоиз ставкада кредит ажратилади.

Клубни бошқарувга олган тадбиркорларга ўз маҳсулот ва хизматларини спортни оммалаштириш ҳамда тарғиб қилишга қаратилган эфирлар давомида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги марказий ва ҳудудий телеканалларда реклама қилиш учун 50 фоизлик чегирма ҳам берилади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends