Ўзбекистонда YouTube монетизацияси йўлга қўйилиши мумкин
Local
−
12:30 1184 2 minutes
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Google компанияси вице-президенти Каран Бхатия билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева Telegram-каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, мулоқотда Ўзбекистонда рақамли экотизимни ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг йирик IT-хабига айлантириш бўйича қўшма ташаббуслар муҳокама қилинган.

Билдирилишича, бугунги кунда Ўзбекистон ва дунёнинг етакчи технологик гиганти ўртасидаги алоқалар оддий сервисларни мослаштириш босқичидан тўлақонли ва кўп қиррали стратегик шериклик даражасига кўтарилган.
.jpg)
Ушбу ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган асосий натижалар ва режалар бири Google Pay тизимининг ишга туширилиши бўлиб, ҳозирда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Google’да Cloud ва Gemini тизимига ўзбек тили интеграция қилинган. Платформалар орқали СИ кўникмаларини ошириш дастурлари йўлга қўйилиб, биргина Google компаниясининг “Инсон + СИ” курсларида 737 мингдан зиёд юртдошимиз таълим олиб, сертификатларга эга бўлди.
Бундан ташқари, янги имзоланган келишувларга кўра, киберхавфсизлик бўйича миллий мутахассислар малакаси оширилиши ҳамда Google’нинг BigQuery ва Dataplex ечимлари ёрдамида миллий иқтисодиёт тармоқларида катта маълумотларни таҳлил қилиш синов лойиҳалари йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Билдирилишича, “Янги Ўзбекистон” ва “Кибер университет”да халқаро сертификатлаш курслари ташкил этилади. Энг муҳими – маҳаллий ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили 25 нафар ўзбекистонлик талаба Google халқаро офисларига тажриба орттириш (стажировка) учун юборилади.
.jpg)
Саида Мирзиёева учрашув якунида компания билан жуда кўп йўналишда ҳамкорлик қилиш имконияти борлигини ҳамда олдинда катта ва муҳим вазифалар турганини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бен Блек билан учрашиб, йирик инфратузилма лойиҳаларини муҳокама қилганди.
Live
All