Ўзбекистонда рекламалардаги давлат тили талаблари бўйича 4,5 мингдан ортиқ камчилик аниқланди
Local
−
14:05 784 2 minutes
Ўзбекистонда реклама ва ташқи ёзувларни давлат тили талабларига мувофиқлаштириш бўйича ўтказилган мониторингларда 4 496 та камчилик аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг бошидан буён республика ҳудудларида жами 16 057 та мониторинг ўтказилган. Аниқланган камчиликларнинг 2 344 таси пешлавҳа, ташқи ёзув ва бошқа эълонлар матнининг хорижий тилларда берилгани билан боғлиқ. Яна 975 та ҳолатда ташқи реклама матнлари бошқа тилларда жойлаштирилгани аниқланган.
Шунингдек, пешлавҳа, ташқи ёзув ва эълонларда 841 та, ташқи реклама воситаларида эса 336 та ҳолатда сўзларнинг маъноси бузилгани ва имловий хатоларга йўл қўйилгани қайд этилган.
Қўмита аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрган ва реклама ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаган.
Ўрганишлар давомида гўзаллик салонлари, автосервислар ва қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга реклама жойлаштиришда қонунчилик талабларига амал қилиш бўйича тушунтиришлар ҳам берилган.
Маълумот учун, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилиши керак. Реклама мазмуни белгиланган талаблар асосида бошқа тилларда ҳам такрорланиши мумкин. Бунда қонуний тартибда рўйхатдан ўтказилган товар ва хизмат кўрсатиш белгиларининг асл шакли ҳамда тилини сақлаш талаблари ҳам инобатга олинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда реклама талабларини бузган 20 дан ортиқ канал ва гуруҳ админлари, блогер, вайнер ҳамда бошқа тармоқ фаолларига нисбатан чора кўрилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All20 October