Ўзбекистонда болаларга ижтимоий тармоқлар тақиқланиши мумкин

Local

image

Тармоқларда Ўзбекистонда ҳам 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлар тақиқланиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ хабарга аниқлик киритиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова билан боғланди.

Унинг билдиришича, ҳали ушбу масала муҳокама босқичида бўлиб, вазирлик болаларга масъул идора ўлароқ бунга эътибор қаратган. Бироқ ҳали қонун лойиҳаси тайёр эмас ва бу борада аниқ таклифлар билдирилади.

Маълум бўлишича, мазкур масала юзасидан вазирлик депутатлар ва сенаторлар билан ҳам муҳокама ўтказган. Тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Маълумот учун, болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш тизимини (16 ёшдан кичиклар учун) илк бор 2025 йилнинг декабрида Австралия жорий этган эди. Худди шундай чоралар ҳозирда бир қатор Европа мамлакатларида, жумладан, Франция, Испания ва Данияда ҳам кўриб чиқилмоқда. Канада ва Туркия ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклашни режалаштирмоқда. 15 июнь куни эса Буюк Британия 16 ёшдан кичик болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлашини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БАА ҳукумати болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тартибга солувчи қарор қабул қилгани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, болаларнинг 15 ёшга тўлгунга қадар улардан фойдаланиши тақиқланади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends