FIFA словениялик футболчи сабаб “Андижон”га трансфер тақиқини қўйди

Sport

image
FIFA “Андижон” футбол клубига нисбатан трансфер тақиқи жорий этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси хабар берди.

Маълум қилинишича, FIFA’нинг Ўзбекистон Футбол ассоциациясига юборган хатида “Андижон” футбол клуби Албаниянинг “Лачи” клуби олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажармагани кўрсатилган.

FIFA қарорига кўра, “Андижон” Албаниянинг “Лачи” клуби олдидаги молиявий мажбуриятини 45 кун ичида бажариши лозим бўлган. Бироқ охирги муддат сифатида белгиланган 10 июнь санасига қадар ҳам мазкур иш амалга ошмаган.

Шундан келиб чиқиб, клубга нисбатан мазкур иш ёпилмагунига қадар кетма-кет уч трансфер ойнаси давомида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича тақиқ эълон қилинган.

Қайд этилишича, эндиликда “Андижон” ҳар қандай ҳолатда ҳам словениялик 23 ёшли ярим ҳимоячи Алтин Крезиу трансфери ортидан юзага келган ҳолат бўйича ҳисоб-китоб қилишга мажбур. Мазкур иш амалга ошгач, клуб бу ҳақда FIFA’ни хабардор қилади ва кейинчалик “Лачи” ҳам буни тасдиқласа, FIFA трансфер тақиқини олиб ташлайди.

Маълумот учун, “Андижон” клуби 2025 йилги мавсум аввалида 23 ёшли легионер Алтин Крезиу билан шартнома имзолаган эди. Словениялик футболчи “бургутлар” таркибида 19 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урган ва 4 та ассист қайд этганди. Шундан сўнг, клуб мавсум якунига етмай футболчи билан хайрлашган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ривалдо билан ҳисоб-китоб қилинмагунича “Бунёдкор” футбол клуби ҳам янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олмаслиги хабар қилинган эди.

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends