Ўзбекистонда 5 та янги газ кони очилди
Local
−
05 October 632 2 minutes
Ўзбекистонда йил бошидан бешта янги газ кони очилди, ҳудудларда 6000 метргача ва ундан ортиқ чуқурликларга 80 та қудуқ бурғиланган бўлса, тўртинчи чоракда ушбу қудуқлардан яна 40 тасини бурғилаш режа қилинган. Бу ҳақда бугун, 5 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган нефть ва газ тармоғида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, газ захираларини кўпайтириш мақсадида геология-қидирув ишлари кенгайтирилмоқда. Жумладан, жорий йилда 3D сейсмик разведка ишларининг ҳажми ўтган йилга нисбатан 5 баробарга ошириш режалаштирилмоқда. Йил бошидан бешта янги газ кони очилган, ҳудудларда 6000 метргача ва ундан ортиқ чуқурликларга 80 та қудуқ бурғиланган бўлса, тўртинчи чоракда ушбу қудуқлардан яна 40 тасини бурғилаш режа қилинган.
Истиқболли майдонларни, айниқса Устюртнинг катта чуқурликдаги қатламларни ўрганиш, янги конларни ўзлаштириш ҳамда мавжуд қудуқлар самарадорлигини ошириш бўйича режалар тақдимот қилинган.
Ушбу мақсадларда бурғилаш ишларини янги босқичга олиб чиқиш, жараёнларга замонавий технологик ечимларни олиб кириш муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли ҳозирда Устюрт ҳудудида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда янги қудуқларни бурғилаш, геофизик маълумотларни қайта таҳлил қилиш ҳамда газ қазиб олиш самарадорлигини ошириш юзасидан бир қатор самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тақдимотда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тасарруфидаги йирик корхоналарнинг молиявий натижалари ҳам таҳлил қилинган. Жорий йилнинг тўққиз ойи якуни билан корхоналарнинг жамланган соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсган, кредит портфелини мақбуллаштириш натижасида эса қарздорлик камайган, юқори фоизли кредитлар шартларини қайта кўриб чиқиш орқали фоиз харажатларини тежашга эришилган.
Тақдимот доирасида газ транспорт тизимининг ўтказувчанлик қувватини оширишга доир лойиҳаларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Унда янги магистрал газ қувурларини қуриш, компрессор станцияларини модернизация қилиш каби тадбирлар қамраб олинади.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши, шунингдек, айрим станцияларда замонавий электр двигателларини ишга тушириш, газ етказиб бериш барқарорлигини ошириш ҳамда йилига 125 миллион куб метр газ тежаш имконини беради. Шу муносабат билан уларни амалга оширишни молиялаштириш манбалари бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилган.
Тақдимотда “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида юзага келган аварияни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Ушбу ишларга Хитойнинг ихтисослашган компанияси жалб қилинган бўлиб, ҳозирда махсус техника ва ускуналар иш жойига сафарбар қилинмоқда, қудуқларни бурғилаш жойларида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Аварияни бартараф этиш жараёнининг барча босқичларида хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш энг муҳим масалалардан бири эканлиги қайд этилган.
Live
All