Ўзбекистон шахсий маълумотлар эркин узатилиши мумкин бўлган 49 давлатни белгилади

Local

image

Ўзбекистонда шахсга доир маълумотларни бир хил даражада ҳимоя қилишни таъминловчи чет давлатлар рўйхати тасдиқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан имзоланган, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 29 июлдаги 415-сон қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, мазкур рўйхатга киритилган давлатларга шахсга доир маълумотлар халқаро келишувлар асосида ташкил этилган ахборот тизимлари орқали қўшимча рухсатномаларсиз ва ваколатли давлат органини хабардор қилмасдан трансчегаравий узатилиши мумкин. Бунда маълумотлар тарқалиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилиши шарт.

Рўйхатга киритилмаган давлатларга эса шахсга доир маълумотларни узатиш фақат Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти белгилаган ҳуқуқий, ташкилий ва техник талаблар бажарилган тақдирдагина рухсат этилади.

Шунингдек, маълумотларни трансчегаравий узатиш жараёнида улар тарқалиб кетгани аниқланса, маълумотлар базаси оператори бу ҳақда 24 соат ичида ваколатли давлат органини хабардор қилиши, 72 соат ичида эса ҳодиса сабаблари ва уни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар ҳақида батафсил ахборот тақдим этиши лозим.

Қарор билан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти чет давлатларни мазкур рўйхатга киритиш ёки ундан чиқариш бўйича таклифлар тайёрлаш учун масъул этиб белгиланди.

Ҳукумат, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигига уч ой муддатда Европа Иттифоқининг “Шахсга доир маълумотларни автоматлаштирилган тарзда қайта ишлашда жисмоний шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги конвенциясига қўшилиш ҳамда Ўзбекистонни шахсга доир маълумотлар ҳимояси таъминланган давлатлар рўйхатига киритиш юзасидан таклиф киритиш вазифасини юклаган.

Тасдиқланган рўйхатдан 49 та давлат ва ҳудуд ўрин олган. Улар қаторида АҚШ, Канада, Россия, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Янги Зеландия, Швейцария, Буюк Британия ҳамда Европа Иттифоқининг қатор давлатлари бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айрим турдаги шахсга доир маълумотларни Ўзбекистондан ташқарида сақлаш ва қайта ишлаш мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends