Сербия билан яқинлик, туғуруқхонадаги қотиллик, ошаётган йўлкира, “участковой”ларга янги ваколат – Ҳафта таҳлили
Review
−
09:31 367 16 minutes
Сербия Ўзбекистонга биргаликда баллистик ракета ишлаб чиқаришни таклиф қиляпти. Шавкат Мирзиёев самолётини Сербияга парвоз вақтида қирувчи самолётлар қўриқлади. Маҳаллалар уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев лавозимидан кетди, Ғофуржон Мирзаев ва Пўлат Бобожонов тандеми янги ишга ўтказилди. Маҳаллалардаги “участковой”ларга янги ҳуқуқ бериляпти. Тошкентда автобус ва метро учун йўл ҳақи ошиши кутилмоқда. Чорвоқда бир оиланинг уч аъзоси – ота икки ўғли билан чўкиб кетди. Фарғонада бош ҳамшира қўл остидаги ходимларни пичоқлади, бир киши вафот этди. Алифбо ўзгаряпти. Ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа хабарлар тафсилоти билан Ҳафта воқеалари таҳлилида танишасиз.
Ўзбекистон Сербияга стратегик шерик бўлди
Сербия бир йил ичида узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлайди ва бу масалада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Ушбу баёнот Сербия Президенти Александр Вучич томонидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ҳафта 7-8 сентябрь кунлари Сербияга амалга оширган илк давлат ташрифи давомида янгради. Расмий Тошкент ҳозирча Вучичнинг бу таклифига ҳеч бир шаклда муносабат билдиргани йўқ.
Ўзбекистон иккинчи маъмурият даврида жанговар тайёргарлик, мудофаа соҳасини модеренизация қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакатда “Tarlon” ва “Qalqon” кўп мақсадли зирҳли автомобиллари, шунингдек, енгил совутланган тактик машиналар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, ҳарбий ва фуқаролик мақсадларига мўлжалланган “Lochin” номли дронлар ва разведкачи пилотсиз аппаратлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Оғир жанговар техникалар, авиация, ракета ҳамда ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари асосан импорт қилинади.
Мамлакат Туркиянинг “Bayraktar TB2” разведка-зарбдор дронларини харид қилди ва улар ҳозирда чегараларни қўриқлаш ҳамда жанговар навбатчиликда қўлланилмоқда. Шунингдек, Туркиянинг TUSAŞ компанияси ишлаб чиққан ANKA оғир учувчисиз авиация комплексларини етказиб бериш бўйича ҳам келишувларга эришилган. Бразилиянинг Embraer компанияси ишлаб чиққан “C-390 Millennium” ҳарбий-транспорт самолётларини сотиб олиш бўйича шартнома имзоланган. Шунингдек, яқинда Хитойдан янги авлод қирувчи самолётлар – J-10CE харид қилинди.
“Бир йил ичида биз узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлаймиз ва бу масалада ҳам сиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Бу Сербия аҳолисига камдан кам ҳолларда айтадиган янгилигимиз, аммо бу бизнинг ҳам технологик, ҳам аҳамиятли – саноат соҳасидаги илгарилашимиздан далолат беради. Мутахассисларимиз кўп нарсага эришди ва ишонаманки, айтиб ўтганимдек, бир йил ичида буни ҳам амалга ошира оламиз. Ушбу соҳада ҳам биродарларимиз ва ўзбекистонлик дўстларимиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, дейди Вучич.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, Белградга рафиқаси билан борган Президент Мирзиёевнинг бортини Сербия осмонида Россияда ишлаб чиқарилаётган МиГ-29 қирувчи самолётлари қўриқлаб борди. Шавкат Мирзиёев ва Зироат Мирзиёевани аэропортда Александр Вучич рафиқаси Тамара Вучич билан кутиб олди.
Белграддаги Сербия саройида Президент Шавкат Мирзиёевни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон раҳбари ва унинг рафиқаси шарафига расмий қабул маросими ташкил этилди. Белграддаги қатор осмонўпар бинолар эса Ўзбекистон байроғи рангларига буркангани жамоатчикда муҳокама мавзуси бўлди.
Ўзбекистон ва Сербия дипломатик муносабатлари 1995 йилда ўрнатилган бўлса-да, 2025 йилгача борди-келдилар бўлмаган, муносабатлар мўтадиллигича қолган. 2025 йилнинг 28-31 октябрь кунлари Сербия Президенти Александр Вучичнинг Ўзбекистонга ташрифи бу сукунатни бузди. Ўшанда икки мамлакат раҳбарлари музокаралари якунида ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида Қўшма баёнот ҳамда савдо-иқтисодий, инвестициявий, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида қатор икки томонлама битимлар имзоланди.
Мирзиёевнинг Белградга ташрифи баҳонасида ҳам Президентлар мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир масалаларни муҳокама қилди.
Ўзаро савдо ҳажмини биринчи навбатда талаб юқори бўлган товарлар етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига ошириш, эркин савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, стандартлаштириш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳокама қилинган.
Транспорт ва логистика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт ва рақамли иқтисодиёт каби устувор йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, автомобиль қисмлари, ускуналар, электр техника ва электроника ишлаб чиқариш борасида саноат кооперациясини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги айтилган.
Тартибли меҳнат миграцияси масаласига ҳам тўхталинган. Сербиянинг бу йўналишда тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиши юқори. Ташриф доирасида Меҳнат мобиллиги ва миграцияси тўғрисидаги битим қабул қилинган.
Мирзиёев ва Вучич минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, кўп томонлама тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш масаласида ҳам гаплашган. Музокаралар якунлари бўйича икки давлат ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларация имзоланди. Бу билан Ўзбекистон стратегик муносабат ўрнатган давлатлар 20 тага етди. Айтиш ўринлики, шулардан 12 таси айнан сўнгги 10 йилликка оид.
Қолаверса, Меҳнат мобиллиги ва миграцияси, Автомобиль транспортида йўловчи ва юкларни халқаро ташиш, божхона, эркин савдо, қайта тикланувчи энергетика ва “яшил” технологиялар, ўрта йўлакни қўллаб-қувватлаш бўйича – жами 20 та ҳужжат имзоланган.
Александр Вучич Шавкат Мирзиёевни Сербиянинг олий давлат мукофоти – Катта занжирли Сербия Республикаси ордени билан мукофотлади. Пойтахт Белград кўчаларидан бирига Тошкент номи берилди. Вучич Мирзиёевга “Мирзиёев доктринаси” номли китобнинг серб тилида нашр этилган нусхасини ҳам совға қилди.
Шунингдек, Сербия Ўзбекистонда элчихона очиш ниятини билдирди. Бу ҳақда Меҳнат, бандлик, фахрийлар ва ижтимоий сиёсат вазири Милица Стаменковски Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов билан учрашувда сўз очган. Элчихонанинг очилиши ўзбекистонликлар учун ҳозирда Остона шаҳри орқали амалга оширилаётган виза расмийлаштириш жараёнларини анча соддалаштириши кутилмоқда.
Қуронбоев кетди. Қаерга?
2024 йилда ташкил этилган Маҳаллалар уюшмасининг илк раиси Қаҳрамон Қуронбоев лавозимидан озод этилди, унинг истеъфоси сабаблари номаълум. 2022 йилдан буён Президент маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Ғофуржон Мирзаев Уюшма раислигига тайинланди. Мирзаевнинг бошқа ўтиши ортидан Президентининг кадрлар бўйича маслаҳатчиси лавозими ва унинг бўлинмаси тугатилди. Шу тариқа 2025 йилнинг мартидан буён маслаҳатчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган собиқ Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳам лавозимидан озод этилиб, Маҳаллалар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Бу Ўзбекистон Президентининг сентябрь ойи бошида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича ўтказган йиғилишидан кейинги энг йирик кадрлар ислоҳоти. Ўша йиғилишда давлат раҳбари ишни тўғри ташкил қилган 49 та туман ва 3 минг 429 та маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлангани, қолган 159 та туман ва шаҳар ҳамда 5 минг 536 та маҳалладаги масъуллар ишида натижа етмаётганини танқид қилганди.
Ўша йиғилишда “маҳалла еттилиги” учун масъул раҳбарлар, вилоят ва туман ҳокимлари ҳамда банклар кучайтирилган иш режимига ўтиши, ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бошчилигида штаблар ташкил этилиши, улар кимга қанча кредит бериш, уни нақд ёки нақдсиз шаклда ажратиш, маблағни қайтариш муддатини узайтириш ва тўлов графигини бизнес турига мослаштиришни мустақил ҳал қилиши айтилганди. Бунинг учун камбағаллик жамғармасидаги 240 миллиард сўм, Бандлик жамғармасидаги 100 миллиард сўм ва учта “дафтар”даги 760 миллиард сўм маблағ туман штаблари ихтиёрига берилади.
Туман штаблари маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларини “лойиҳабай” ишлаш тизимига ўтказади. 8 минг 992 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари вазифа бажарувчи этиб тайинланади, агар улар натижа кўрсатса, лавозимига қайта тайинланади, ишига нолойиқлар янгиланади.
Хуллас, маҳаллада ишлар кўпайяпти, уларнинг асосий вазифаси эса аҳолини камбағалликдан чиқариш, иш билан таъминлаш. Хўш, сиз яшаётган ҳудудларда бу борадаги ишлар қандай кетяпти, камбағаллар ҳақиқатдан ҳам камайяптими? Камбағалликни камайтириш бўйича сизнинг қандай таклифларингиз бор? Буларни изоҳларда ёзинг.
Қаҳрамон Қуронбоевнинг истеъфосига келсак, истеъфо сабаблари ва қайси лавозимга ўтиши очиқланмади. Бироқ жамоатчилик ушбу кутилмаганда рўй берган ҳодисани август ойида мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида ҳокимлар аҳоли яшаш уйларига кириб, уларнинг музлатгичидан тортиб, тандири атрофида ўтказган рейди, ювилмаган қозони-ю артилмаган чанги учун берган даккисига боғламоқда.
Саида Мирзиёевага янги вазифа юкланди
Президент фармони билан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳозирги лавозими билан ўриндошлик асосида Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси лавозимига тайинланди.
У Молия маркази кенгашининг Бош котиби ҳисобланади, кун тартибини шакллантиришни ташкил этади, раис қатнашмаган мажлисларда уларга раислик қилади.
Молия маркази фаолиятини йўлга қўйишни мувофиқлаштириш бошқарувчи фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлади. Биринчи навбатдаги ҳужжатларни тайёрлаш, давлат органлари ва Марказ тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш шулар жумласидан.
Шунингдек, Молия маркази номидан Ўзбекистонда ва хорижда халқаро ташкилотлар, инвесторлар ҳамда ҳамкорлар билан муносабатларда Марказга вакиллик қилиш, кадрлар бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок этиш, жумладан, Молия маркази маъмуриятининг ижрочи директорини ва унинг ўринбосарларини тайинлаш, Молиявий хизматлар бошқармаси раҳбарияти бўйича тавсиялар киритиш ҳам бошқарувчининг муҳим функциялари сирасига киради.
Бошқарувчи, шунингдек, битимлар тузиш, ишчи гуруҳлар ташкил этиш ва экспертларни жалб қилиш ҳуқуқига эга.
Айтиш ўринлинлики, Саида Мирзиёева айни вақтда АҚШ-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг Ўзбекистон томонидан тайинланган раиси сифатида ҳам фаолият юритмоқда.
“Участковой”ларга янги ҳуқуқ берилди
Энди Ўзбекистонда профилактика инспекторларига, яъни “участковой”ларга йўл-патруль хизматининг ҳамда туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарларининг айрим ваколатлари ҳам берилади. Президент ушбу янги тартибни назарда тутувчи “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига янгича ишлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Энди профилактика инспекторлари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида маҳалла кўчалари ва йўлакларида йўл ҳаракати қоидалари бузилиши билан боғлиқ 4 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳам маъмурий жазо қўллай олади.
Булар:
- 128-модда — Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини тротуарлардан, пиёдалар ва велосипед йўлкаларидан, яшил майдонлардан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги;
- 128−8-модда — Транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузиш;
- 130-модда — Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг темир йўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиши;
- 135-модда — Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши.
Муқаддам шу турдаги ҳуқуқбузарликларни аниқланган тақдирда инспекторлар чора кўра олмай, туманга бириктирилган Йўл-патруль хизмати ходимини чақиришга мажбур бўлган. Янги тартиб бўйича профилактика инспекторлари ушбу моддалар билан боғлиқ қоидабузарликларни маҳаллада шахсан аниқлайди ва жойида маъмурий баённома тузиб жарима белгилайди.
Қолаверса, қарор билан энди профилактика инспекторлари кўриб чиқиш ваколати доирасидаги биринчи маротаба содир этилаётган 17 турдаги кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича маъмурий огоҳлантириш жазосини қўллаши мумкин.
Шунингдек, профилактика инспекторининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Профилактика инспекторларига берилган қўшимча ваколатлар орасида туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарларининг ваколатидаги 9 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш имконияти ҳам мавжуд.
Йўлкира ошади
Суюнчи беринг! Жорий йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида метро ва автобус учун йўлкира нархи 1700 сўмдан 2500 сўмга оширилиши мумкин. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлигининг жорий йил 4 сентябрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган ва 19 сентябргача муҳокамада бўладиган “Тошкент шаҳридаги жамоат транспортида йўлкира ҳақи тарифини белгилаш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида сўз борган.
Транспорт вазирлиги тариф ўзгариши бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини, йўл ҳақининг эҳтимолий оширилиши ташувчиларга қўйиладиган хизмат сифати талаблари билан биргаликда кўриб чиқилиши лозимлигини маълум қилди.
Вазирликка кўра, жамоат транспорти харажатларига ҳайдовчи ва техник ходимларнинг иш ҳақи, ёқилғи ва электр энергияси, эҳтиёт қисмлар ва шиналар, ҳаракат таркибига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, депо ҳамда қувватлантириш инфратузилмасини сақлаш, салонларни тозалаш, шунингдек, диспетчерлик, навигация ва электрон тўлов тизимларини таъминлаш харажатлари киради.
Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, жамоат транспортида амалда бўлган 1700 сўм тариф ушбу харажатларнинг фақат бир қисмини қопламоқда, ташишларни молиялаштиришда асосий юк эса давлат бюджети зиммасида қолмоқда.
Сенат янги алифбони тасдиқлади
Сенат тугаётган ҳафтада “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонунни тасдиқлади.
Янгиланаётган ўзбек алифбоси 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топмоқда. Ундаги асосий ўзгариш – G‘, O‘, Sh, Ch ҳарфларининг ёзилиши. Ng ҳарф бирикмаси чиқариб ташланяпти.
Янги алифбога ўтиш жараёнида қонун кучга киргунига қадар амалдаги алифбо асосида расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг муомалада бўлишига тўсқинлик қилинмайди.
1-синф дарсликлари 2027 йилдан янги алифбода чиқа бошлайди. 2031 йилгача барча мактаб дарсликлари тўлиқ янгиланади.
Ўзбекистонда алифбо билан боғлиқ қатор англашимовчиликлар мавжуд. Янгисини ҳисобга олсак, мамлакатда сўнгги 100 йилда бешинчи марта алифбо ўзгармоқда. 1928 йилгача араб ёзуви амалда бўлган. 1928-1940 йилларда яналиф – янги туркий алифбодан фойдаланилди. 1940-1993 йилларда кирилл ёзуви – рус графикаси асосидаги 35 та ҳарфдан иборат ўзбек кирилл алифбоси ишлатилди ва тан олиш керак, мустақил Ўзбекистонга оид илк ҳужжатлар, минглаб китоблар, қарор ва фармонлар, газеталар, журналлар ҳам айнан шу алифбода чоп этилди, 50 йилдан ошиқ вақт давомида бир неча авлод шу алифбо билан улғайди.
1993 йилда қабул қилинган лотин алифбосига ўтишга эса журъат етишмади. Оқибатда одамлар ҳамон икки алифбо ўртасида сарсон бўлиб юрибди. Саводсизлар кўпайди. 1995 йилда унга киритилган ўзгартиришлар ҳам хатоларни тузатмади ва ҳозиргача, ҳатто, Ўзбекистон номининг нотўғри ёзилишига сабаб бўлиб келмоқда.
Туғуруқхонада пичоқбозлик
Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги туғуруқхонада катта ҳамшира бошқа ҳамшираларни пичоқлади. Оқибатда 2 киши жароҳатланди, 1 киши вафот этди.
Ҳодиса 7 сентябрь куни содир бўлган, бироқ бу ҳақда ҳамон расмий ахборот берилмади. Фожиа сабаби ҳозирча маълум эмас. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди.
У юз берган воқеани тасдиқлади. Ҳодиса оқибатида 2 киши жабрланган, 1 нафари вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Қўштепа туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи шахса (аёл) Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
QALAMPIR.UZ’га оид маълумотларга кўра, гумонланаётган шахс муқаддам худди шундай жиноятни содир этиб, жазо муддатини ўтаб чиққан.
Чорвоқда бир оиланинг уч аъзоси чўкиб кетди
Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборида ота ва унинг 2 ўғли чўкиб кетганди. Орадан 8 кун ўтиб, 10 сентябрь куни уларнинг жасади топилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, марҳум ота ва унинг ўғиллари суратга тушиш учун чўмилиш тақиқланган ҳудудда катерни тўхтатиб, қутқарув нимчаларисиз чўмилиш учун сувга тушган.
Ҳодиса содир бўлган вақтда оиланинг бошқа аъзолари – болаларнинг онаси ва вояга етмаган синглиси ўша ерда бўлган. Улар атрофдагилардан ёрдам сўраган. Катер ҳайдовчиси ҳам сувга тушиб, уларни қутқаришга уринган, бироқ бунинг имкони бўлмаган.
Қидирув-қутқарув ишларига 5 та қутқарув отряди ва сувда ҳаракатланаётган 7 та қутқарув бригадаси жалб қилинган. Фавқулодда вазиятлар вазири топшириғига асосан штаб фаолияти ташкил этилиб, қўшимча равишда Жиззах ва Сирдарё вилоятлари Фавқулодда вазиятлар бошқармаларидан қўшимча кучлар жалб этилган. Натижада уч жасадни ҳам бир кунда топишга муваффақ бўлинган.
Шунингдек, 10 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Писком дарёсида 15 кун аввал чўкиб кетган, Қибрай туманида яшовчи 30 ёшли фуқаронинг жасади ҳам тугаётган ҳафтада топилди.
Қайд этилишича, ўша куни бир гуруҳ фуқаролар Писком дарёсига СУП-доскада сайр қилиш мақсадида келган. Сайр вақтида улардан бири бошқарувни йўқотиб, қояли қирғоққа урилган ва сувга тушиб кетган. Фуқаро қутқарув нимчаси киймаганлиги сабабли кучли сув оқими уни сув остига олиб кетган.
Экополиция ходими хизмат вақтида қурбон бўлди
Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) Айдар-Арнасой кўллар тизимини назорат қилиш бўлими бош мутахассиси Мирзо Ботиров хизмат вазифасини бажариш вақтида ўлдирилди.
У 9 сентябрь куни тунги соат 23:00 да Сирдарё дарёси ўзанида ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган ҳуқуқбузарларнинг қаршилигига учраган ва натижада сувга тушиб кетган. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган қидирув ишлари натижасида 10 сентябрь куни инспекторнинг жасади топилган.
Ҳолат ортидан Ботировнинг ўлимида гумонланаётган 3 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 202-(Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш), 219-(Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 102-(Эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Уч киши гумон қилинувчи тариқасида ушланган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
НКМКдаги бахтсиз ҳодисада 2 киши қурбон бўлди
Тугаётган ҳафтада Навоий кон-металлургия комбинатида автоағдаргич шинаси портлаши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши турли даражада тан жароҳати олди. Комбинатга кўра, ҳалок бўлган ишчилар қувур ташувчи автомашинанинг тиркамасида шиномонтаж ишларини амалга ошираётган бўлган.
Ҳолат комбинатнинг “Пистали” 1-транспорт цехида содир бўлган. Шиналар ёрилган ва оқибатда икки нафар ишчи вафот этган.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Қидирувдаги ўзбекистонликлар Кореяга яширинган
Жиноят содир этгани учун қидирувда бўлган 100 дан ортиқ чет эл фуқароси Жанубий Кореяда яширинаётгани тахмин қилинмоқда. Улардан 19 нафари ўзбекистонлик.
Гап шундаки, Жанубий Корея Миллий полиция агентлиги (NPA) томонидан депутат Ким Жун Хван офисига тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йил 12 август ҳолати бўйича ўз мамлакатларида ёки бошқа давлатларда жиноят содир этгани учун қидирувда бўлган 110 нафар чет эл фуқароси Кореяга қочиб ўтган.
Фуқаролиги бўйича энг катта улуш Хитойга тўғри келади – Интерпол сўровларининг 40 таси ёки 36 фоизи. Ундан кейинги ўринларни Ўзбекистон (19 та сўров), Мўғулистон (17 та) ва Вьетнам (13 та) эгаллайди. Қолган ҳолатларнинг аксарияти яқин Осиё мамлакатларига, жумладан Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Таиланд ва Японияга тўғри келади.
Ҳуқуқбузарлик турлари бўйича энг кўп учрайдигани фирибгарлик бўлиб, 47 та ҳолатни ташкил этган. Ундан кейинги ўринда болалар ва ёшларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни бузиш, одам ўғирлаш, озодликдан ноқонуний маҳрум қилиш ва фоҳишабозликни ўз ичига олган “бошқа” категория – 29 та ҳолат. Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар 7 та ҳолатни ташкил этган бўлса, ўғрилик, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, тан жароҳати етказиш ва тан жароҳати етказишга уринишнинг ҳар бири 5 тадан ҳолатни ташкил этган.
Охирги вақтларда Кореядаги ўзбекистонликлар ва Кореяга ишга юбориш масалалари билан боғлиқ хабарлар тинмаяпти. 1 сентябрь куни Кореяда тўрт ўзбекистонлик Суриядаги террорчи гуруҳга пул ва транспорт воситаларини юборганликда айбланиб қўлга олинди. Улардан бири Суриядаги “Катибат ат-Тавҳид вал-Жиҳод” террорчилик ташкилотига 6,3 миллион вон (тақрибан 4600 АҚШ доллари) қийматидаги криптовалюта юборганликда ва умумий қиймати 170 миллион вонга тенг бўлган 11 та минилган автомобиль ҳамда иккита экскаватор сотиб олиб, уларни Сурияга жўнатганликда айбланмоқда. Қолган 3 киши автомобилларни топишда унга ёрдам берган.
Шунингдек, ой бошида 2024 йил сентябрдан Миграция агентлиги директори лавозимида ишлаб келаётган Беҳзод Мусаев ҳам лавозимидан озод этилди. Унинг истеъфосига бошқа ишга ўтаётгани сабаб қилиб кўрсатилганди, бироқ ҳозиргача Мусаевга иш берилгани йўқ. Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фош этган Кореяга одамларни ишга юбориш билан боғлиқ 90 миллион АҚШ долларилик коррупцион “схема”нинг сўнгги тафсилотлари эса аниқ эмас. Охирги бор ушбу иш доирасида жорий йилнинг 29 июль куни Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида ДХХ собиқ мулозимлари Ганчар Узоқов, Алижон Ашуров, Тимур Шариксиев ва Сухроб Сайфутдиновга Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми “а” ва “б” бандлари, 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 301-моддаси (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) 1-қисми билан қўзғатилган жиноят ишини суд мажлисида кўриб чиқиш ёпиқ тарзда бошлангани хабар қилинганди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азизбек Тоштемировнинг номи эса қидирилаётган шахслар рўйхатидан олиб ташланган.
Live
All