Ўзбекистон Параосиё ўйинларида илк олтин медални қўлга киритди
Sport
−
14:04 552 2 minutes
Бугун, 19 октябрь куни ўзбекистонлик паравелосипедчи Бобур Тоштемиров Нагояда ўтаётган V Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ҳисобига илк олтин медални олиб келди. У эркаклар ўртасида 3 км масофага якка таъқиб пойгаси финалида Жанубий Корея вакилини мағлуб этиб, 3:41.263 натижа қайд этди ва мусобақа рекордини ўрнатди.
Бу Ўзбекистон тарихида Параосиё ўйинларининг паравелоспорт баҳсларида қўлга киритилган илк олтин медаль бўлди. Шунингдек, Бобур Тоштемиров делегацияга мусобақадаги биринчи олтин медални тақдим этди.
Бундан ташқари, кун доирасида бўлиб ўтган парадзюдо баҳсларида аёллар ўртасида J1 классида −52 кг вазн тоифасида иштирок этган Бону Бабаева бронза медалига сазовор бўлди. У учинчи ўрин учун кечган беллашувда индонезиялик Новиа Ларасаттини мағлуб этди.
J1 классида −60 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Фотима Тойирова ҳам бронза медалини қўлга киритди. У учинчи ўрин учун беллашувда қозоғистонлик рақибасини 100:0 ҳисобида мағлуб этди.
Эркаклар ўртасида J1 классида −70 кг вазн тоифасидаги бронза медали учун кечган беллашув ўзбек дербиси бўлиб ўтди. Унда Иброҳимжон Акбаров Қосим Сафарқулов устидан ғалаба қозониб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Шунингдек, аёллар ўртасида J1 классида −60 кг вазн тоифасида иштирок этган Улжон Амриева кумуш медални қўлга киритди. Амириева финалда хитойлик Ши Ижиега қарши баҳс олиб бориб, мусобақани иккинчи ўринда якунлади.
Бундан ташқари, паратэквондо бўйича аёллар ўртасида −47 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Қизлархон Исомиддинова ҳам бронза медалига эга чиқди.
У учинчи ўрин учун кечган баҳсда япониялик рақибасини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобига яна бир медални қўшди.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси мусобақада 11 та спорт тури бўйича 149 нафар спортчи билан иштирок этмоқда. Мусобақалар жорий йилнинг 24 октябрга қадар давом этади.
Live
All