Ўзбекистон Меланезиядаги давлат билан дипломатик алоқа ўрнатди
Local
−
14:44 862 2 minutes
Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Вануату Республикалари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, икки давлат ҳукуматлари номидан мазкур ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТ ҳузуридаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Вануатунинг БМТ ҳузуридаги миссияси раҳбари Одо Теви имзолаган.

Суҳбат давомида мамлакатлар ўртасида халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари доирасида яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланган.
“Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Тинч океани минтақаси давлатлари билан дипломатик ҳамкорлигини кенгайтириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Вануату Республикаси – Тинч океанининг жанубий-ғарбий қисмидаги Меланезия минтақасида жойлашган суверен орол-давлат. Мамлакат 83 та оролдан иборат архипелагда жойлашган бўлиб, улардан 65 тасида аҳоли истиқомат қилади. Мамлакатнинг пойтахти ва энг йирик шаҳри – Эфате оролида жойлашган Порт-Вила шаҳридир.
Архипелаг асосан вулканик келиб чиқишга эга бўлиб, Тинч океанининг “оловли ҳалқаси”да жойлашгани сабабли у ерда сейсмик фаоллик юқори – тез-тез зилзилалар, цунами ва вайронкор тропик циклонлар юз бериб туради. Вануату аҳолиси тахминан 330 минг кишини ташкил этади, уларнинг асосий қисми маҳаллий меланезияликлардир (ни-вануату). Мамлакатда учта расмий тил амал қилади: бислама (маҳаллий креол тили), инглиз ва француз тиллари. Пул бирлиги – вату.
Давлат тузуми бўйича Вануату парламент республикаси ҳисобланади. Иқтисодиётининг асосини қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, туризм ва оффшор молиявий хизматлар ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги БМТ ҳузуридаги Доимий ваколатхонасида Ўзбекистон ва Гвинея-Бисау ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланганди.
Live
All