Ўзбекистон ким тарафда? Саида Мирзиёева БМТда тарихий нутқ қилди

Review

Reklama
0:00

Дунё қайта бўлинаётган, геосиёсий ўйинлар кучайган ва ишонч нолга тенглашган бир даврда яшаяпмиз. Бир томонда – Европа ва Яқин Шарқдаги қонли можаролар, иккинчи тарафда – йирик давлатларнинг ўзаро рақобати. Бундай паллада иқтисодий жиҳатдан бир-бирига боғланиб кетадиган ҳар бир давлат ўзининг стратегик томонларини белгилаши шарт. Бугун мамлакатлар баъзида очиқ сўралаётган, айрим ҳолларда эса ими-жимида берилаётган савол: “сиз қайси тарафдасиз?” деган сўроқ қаршисида қоляпти. БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида Ўзбекистон делегациясига бошчилик қилган Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева минбардан туриб Ўзбекистон позициясини очиқ айтди. Бу тарихий нутқ АҚШ вақти билан 23 сентябрь куни янгради.

“Бугун инсоният осон бўлмаган даврда яшамоқда. Дунё бўйлаб урушлар давом этмоқда. Геосиёсий кескинлик кучаймоқда. Ишонч йўқолмоқда. Тенгсизлик ортмоқда. Бундай пайтларда мамлакатлар танлов олдида қолади. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистон ўз танловини қилди. Бу – очиқлик. Қўшнилар билан яхши муносабатлар. Дунё билан мулоқот.Очиқлик заифликни англатмайди. Аксинча, тинчликка интилиш келажак учун масъулиятни ўз зиммага олиш демакдир. Биз мамлакатлар олдига қайси тарафни танлайсиз, деган савол қўйилаётганини кўряпмиз. Ўзбекистоннинг жавоби аниқ. Бизнинг танловимиз – инсон қадри. Биз таълим олишга, касб эгаллашга ва ўз келажагини ўзи белгилашга интилаётган ёшларни танлаймиз. Чунки биз давлатчиликнинг ҳақиқий қудратини унинг ҳарбий ёки иқтисодий салоҳияти билан ўлчамаймиз. Мамлакат қудрати, аввало, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини қай даражада ҳимоя қила олиши билан белгиланади. Шу боис, биз тинчлик, тараққиёт ва инсон қадрини 3 та алоҳида мақсад сифатида эмас, балки ягона, яхлит вазифа сифатида кўрамиз”, деди Саида Мирзиёева.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Саида Мирзиёева тарихда илк бор Ўзбекистон номидан БМТ Бош Ассамблеясининг Олий даражадаги умумий мунозаралари минбарида нутқ сўзлади. Тақрибан 12 дақиқа давом этган ушбу тарихий чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Марказий Осиёдаги туб ўзгаришлар, Ўзбекистондаги ислоҳотлар, экология ва Орол фожиаси, сунъий интеллект тараққиёти, қонун устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига тўхталди.

“Бугун ҳеч бир миллат, қанчалик қудратли бўлмасин, барча глобал муаммоларни ёлғиз ўзи ҳал қила олмайди. Ҳеч бир таҳдид миллий чегараларда тўхтаб қолмайди. Айнан шунинг учун бизга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ керак. Бизга фақат қарорлар қабул қиладиган эмас, балки уларни амалга оширишга қодир бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти керак. Бизга ҳар бир мамлакат овози эшитиладиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти керак”, деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари.

Бугун БМТ ўз тарихдаги энг оғир инқирозини бошдан кечиряпти. Урушларни тўхтата олмаяпти, инқирозларни ҳал қилмаяпти. Қаранг, Россия – Украина уруши бошлангандан бери БМТ Бош Ассамблеясида урушни қораловчи ва қўшинларни олиб чиқиб кетишни талаб қилувчи 6 та йирик резолюция қабул қилинди. Аммо мажбурий кучга эга бўлган Хавфсизлик Кенгашининг ҳар бир қарори Россиянинг вето ҳуқуқи сабабли чиппакка чиқди.

Ғазо фожиаси бўйича ҳам аҳвол бундан яхши эмас: Фаластинга қарши уруш бошланганидан бери БМТ Хавфсизлик Кенгашига гуманитар сулҳ ва ўт очишни тўхтатиш бўйича таклиф этилган резолюцияларга АҚШ 6 марта вето қўйди. Бош Ассамблеяда 150 дан ортиқ давлат ёқлаб овоз берган резолюциялар эса шунчаки қоғозда қолиб кетди.

Яқин Шарқдаги сўнгги кескинликда ҳам БМТ Хавфсизлик Кенгашида АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш хавфини тўхтатиш бўйича ўнлаб шошилинч йиғилишлар ўтказилди, баёнотлар берилди, лекин бирор бир ечим бера оладиган ва амалий механизм ишга тушмади.

Юзлаб йиғилишлар, ўнлаб резолюциялар ва ноль натижа! Айнан шу боис Саида Мирзиёева БМТни шунчаки баёнотлар берадиган эмас, амалда ишлайдиган механизмга айлантиришни ва вето ҳуқуқига эга Хавфсизлик Кенгашини бугунги воқеликка мослаб ислоҳ қилишни таклиф қилди.

“Ўзбекистон БМТ Бош котибининг БМТ-80 ташаббуси доирасидаги ташкилотни замонавий талабларга мослаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Биз БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибини замонавий воқеликлардан келиб чиқиб, кенгайтиришни қўллаб-қувватлаймиз. Келгуси йилда Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракатига раисликни ўз зиммасига олади. Кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда биз буни мулоқот учун янги майдонлар яратиш масъулияти сифатида қабул қиламиз”, деди Саида Мирзиёева.

Қўшилмаслик ҳаракати – бу дунёдаги ҳеч қайси йирик ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмаган ҳамда ўз ташқи сиёсатида доимо нейтрал позицияни танлаган давлатларнинг энг йирик халқаро бирлашмасидир. У 1961 йилда, дунё АҚШ ва СССР бошчилигидаги икки лагерга бўлинган оғир бир даврда тузилган. Ўша пайтда мустақилликни қўлга киритган мамлакатлар йирик давлатларнинг сиёсий ўйинларида шунчаки қуролга айланмаслик ва ҳарбий тўқнашувларга тортилмаслик учун “У тарафга ҳам, БУ тарафга ҳам қўшилмаймиз”, деган принцип билан ушбу ҳаракатга асос солган.

Ташкилотнинг кўлами жуда улкан. Аъзолар сони бўйича у БМТдан кейинги иккинчи ўринда туради. Унда дунёнинг 120 дан ортиқ мамлакати жамланган. Ҳаракатнинг бош ғояси оддий ва аниқ: бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, ҳудудий дахлсизликни ҳурмат қилиш, ҳар қандай можароларни фақат дипломатия орқали ҳал этиш ва энг муҳими – ҳар бир мамлакатнинг ўз мустақил тараққиёт йўлини белгилаш ҳуқуқини ҳимоя қилишдир.

2027–2029 йилларда ушбу нуфузли халқаро тузилмага раислик қилиш ҳуқуқи тарихда илк бор Ўзбекистонга топширилади. Бу мамлакат ташқи сиёсатининг ва мавқеининг улкан эътирофи дейиш мумкин.

“Шу руҳда Ўзбекистон 2035–2036 йилларда Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини таклиф қилди. Биз сизнинг қўллаб-қувватлашингизга умид қиламиз. Биз учун халқаро ҳуқуқ – манфаатларга қараб ўзгарадиган восита эмас. Бу барча мамлакатлар учун умумий қоидадир. Умумий ҳуқуқсиз умумий адолат бўлиши мумкин эмас”, деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари.

Шу ўринда сизда савол пайдо бўлгандир. Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолиги Ўзбекистонга нима беради? Ҳатто вето ҳуқуқи бўлмаган тақдирда ҳам, доимий бўлмаган аъзо сифатидаги овоз жуда катта сиёсий кучга эга. Чунки йирик давлатлар ўз резолюциясини ўтказиш учун айнан 10 та доимий бўлмаган аъзоларнинг “ҳа” деган овозини олишга мажбур бўлади. Бу эса Ўзбекистонга глобал масалаларда ўз шартларини қўйиш, музокаралар олиб бориш ва Марказий Осиё манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш имконини беради. Шу сабабли Ўзбекистон ўз номзодини илгари суриши – бу мамлакат ташқи сиёсатидаги энг улкан ва жасоратли қадамлардан биридир.

Саида Мирзиёева нутқ давомида Марказий Осиё давлатларининг ўзаро муносабати ҳақида ҳам гапирди.

“Яқин-яқингача Марказий Осиё кўпинча ҳал этилмаган чегара низолари, сув ресурсларини бошқариш масалалари ва бошқа кўплаб можаролар фонида тилга олинарди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли минтақадаги вазият ва муҳит бутунлай ўзгарди. Биз бир-биримизга таҳдид манбаи сифатида эмас, балки ҳамкор сифатида қарай бошладик. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон масаласига ёндашуви ҳам худди шундай. Афғонистонга фақат хавф манбаи сифатида қараш муаммони ҳал қилмайди. Кўп миллатли афғон халқини ўз муаммолари билан ёлғиз қолдириш ҳам ечим эмас. Уларга тинч ҳаётга эришиш учун умид ва ишонч бериш керак”, деди Ўзбекистон делегацияси раҳбари.

Бу мавзунинг моҳиятини тушуниш учун яқин 10 йилликкача бўлган даврни қисман бўлса ҳам эслаш керак. Бу пайтда Марказий Осиё деганда халқаро ҳамжамиятнинг кўз олдига бир-биридан аразлаган, чегараларини ёпган давлатлар ва ечимсиз можаролар келгани сир эмас. Факт билан гапираман. Минтақада 20 дан ортиқ баҳсли чегара ҳудудлари мавжуд бўлиб, низоли ҳудудларда отишмалар ва фожиали тўқнашувлар оддий ҳолга айланганди. Сув ва энергетика ресурслари бўйича келишмовчиликлар, эксклавлардаги блокадалар, визавий чекловлар ва ўзаро савдога қўйилган сунъий ғовлар минтақани йиллар давомида алоҳидаланиб яшашга мажбур қилди. Бироқ сўнгги йилларда дипломатик бурилиш юз берди.

Минтақа тарихида илк бор янги сиёсий платформа – Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари формати йўлга қўйилди. 5 та давлат раҳбари ушбу олий даражадаги саммит доирасида кетма-кет 6 марта учрашди. Остонада иккита саммит, Тошкент, Туркманбоши, Душанбе ва Чўлпон-Отада йиғилишлар бўлиб ўтди. Шу жараёнларда барча чалкаш масалаларга мулоқот орқали ечим топди. Чегара масалаларига 100 фоизлик нуқта қўйилди, сув-энергетика консорциумини тузиш бўйича келишувларга эришилди.

Ҳар қандай сиёсий нутқнинг салмоғи амалий натижалар билан ўлчанади. Аксинча у шунчаки баландпарвоз гап бўлиб қолаверади. Шу сабабли Саида Мирзиёеванинг БМТ минбаридаги чиқиши фақат ташқи сиёсий баёнотлар билан чекланмади. Президент Администрацияси раҳбари мамлакат ичидаги иқтисодий ва ижтимоий бурилишларни халқаро ҳамжамият эътиборига аниқ рақамлар билан тақдим этди.

“Ўзбекистон раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало, одамлар ҳаёти яхшиланаяптими, деган мезонга асосланади. Биз натижаларни айнан шу мезон билан ўлчаймиз. Ўтган 10 йил ичида аҳолимизнинг харид қобилияти икки баробарга ошди. Иқтисодиётимиз 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларга ўсди. 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий сармоя жалб қилинди. Экспорт қарийб уч баробарга ошди. Камбағаллик даражаси 4 фоизгача камайди ва қарийб 10 миллион киши камбағалликдан чиқарилди. Мактабгача таълим билан қамров 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълим билан қамров 9 фоиздан қарийб 45 фоизга ошди. Ўртача умр кўриш давомийлиги 66 ёшдан 75 ёшга ошди. Оналар ва гўдаклар ўлими тўрт баробарга камайди. Ислоҳотнинг ҳақиқий қиймати ана шу одамлар ҳаётида акс этади. Бола – давлатнинг энг катта масъулияти. Агар бола соғлом туғилмаса ва сифатли таълим олмаса, биз фақат бир кишининг эмас, балки бутун бир жамиятнинг келажагини хавф остига қўямиз. Яқин кунларда биз Бирлашган МиллатларТашкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси билан демографик барқарорлик ва инсон капитали масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқот ўтказамиз. Октябрь ойида эса Самарқандда халқаро ҳамжамиятни болалар фаровонлиги масалалари атрофида бирлаштирамиз”, деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари.

Орол денгизи деганда хаёлингизга биринчи нима келади? Қуриган ҳудуд, кемалар қабристони, экологик муаммо ва яна нималардир, тўғрими? Чунки ростдан ҳам бир вақтлар дунёдаги тўртинчи йирик кўл бўлган Орол сўнгги ярим асрда 90 фоиздан ортиқ сувини йўқотган ва унинг ўрнида 5,5 миллион гектарлик қум ҳамда туздан иборат улкан саҳро пайдо бўлди. Йиллар давомида бу мавзу халқаро анжуманларда фақат ачиниш ва кузатиш билан чекланиб келган. Бироқ Саида Мирзиёева БМТ минбаридан туриб Орол фожиасини фақат муаммо эмас, балки бутун дунё учун экологик ечимлар ва иқлим ўзгаришига қарши курашнинг синов майдонига айлантириш ташаббусини илгари сурди.

“Марказий Осиёнинг бутун дунёга тақдим эта оладиган яна бир сабоғи бор. Бу – Орол денгизи. У табиий офат туфайли қуриб қолгани йўқ. Бу ўнлаб йиллар давомида қабул қилинган нотўғри қарорлар ва табиатга нисбатан адолатсиз муносабатнинг оқибатидир. Янги Ўзбекистон ушбу муаммо кўламини камайтириш учун қуриган денгиз тубида яшил майдонлар яратмоқда. Биз замонавий сув тежовчи технологияларни жорий этмоқдамиз. 2030 йилга келиб қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказишни мақсад қилганмиз. Биз Орол денгизининг фақат экологик фожиа тимсоли бўлиб қолишини истамаймиз. У экологик ечимлар учун синов майдонига айланиши керак. Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2027–2036 йилларни Ўрмонларни тиклаш ва қайта тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги деб эълон қилди. Бу резолюцияни амалий натижалар билан мустаҳкамлаш вақти келди”, деди Саида Мирзиёева.

Сунъий интеллект бугун дунёни шиддат билан ўзгартирмоқда. Ва бу борада технологик пойга ҳам бошланиб кетган. Лекин асосий савол очиқ қоляпти: Технология инсонга хизмат қиладими ёки инсон машинага мослашишга мажбур бўладими? Шу мазмундаги фикрлар ҳам янгради.

“Бугун инсоният яна бир улкан ўзгаришлар остонасида турибди. Мен сунъий интеллект ҳақида гапиряпман. Аммо бир савол жавобсиз қолмоқда. Технология инсониятга хизмат қиладими ёки биз технологияга мослашишга мажбурмизми? Бироқ, тамойил аниқ бўлиши керак. Инсоният ва унинг тақдири технологик тараққиётнинг марказида бўлиши лозим. Сунъий интеллект инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик, тенг имкониятлар ва жавобгарликдан ажралмас бўлиши керак. Технологик тараққиёт одамларни ўзгаришга мажбурламаслиги, аксинча, инсон ҳаётини яхшилашга хизмат қилиши лозим. Ўзбекистон бу борада халқаро мулоқотни кучайтириш тарафдори”, деди Саида Мирзиёева нутқи давомида.

Саида Мирзиёеванинг кейинги гаплари суд ва ҳуқуқ тизими, мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, оилавдаги зўравонликка қарши қонунлар қатъийлаштирилгани ҳақида бўлди.

“Ҳокимият қонундан устун эмас. Судга мурожаат қилган ҳар бир инсон, ким бўлишидан қатъи назар, адолат қарор топишига ишониши керак. Тошкент халқаро молия марказида инглиз ҳуқуқи тамойиллари асосида алоҳида халқаро тижорат суди ташкил этилмоқда. Биз болалар меҳнати ва тизимли мажбурий меҳнатга барҳам бердик. Биз оиладаги зўравонлик учун жавобгарликни кучайтирдик. Биз аёллар ҳуқуқлари ва имкониятлари масаласида ҳам шу мезонга таянамиз. Шу боис, биз аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун алоҳида тизим яратдик. Бугун парламентимизнинг 39 фоизини аёллар ташкил этади”, деди у.

Саида Мирзиёева нутқининг энг таъсирли нуқтаси унинг хотима қисмида янгради. Унда дунё етакчиларининг келажак авлодлар олдидаги масъулияти, инсон қадрини амалда юксалтириш ва қуруқ имкониятлардан эмас, уларнинг натижасидан хулоса чиқариш каби масалалар кўтарилди.

“Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди. Биз уни нафақат ўтмишни намойиш этадиган жой, балки илм, тафаккур ва маърифат маскани сифатида кўрамиз. Бугун ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллект нафрат ва стереотипларни жадал суръатлар билан тарқатаётган бир даврда бу ҳақиқатни яна бир бор эслатиш муҳим. Ўзбекистон маданиятлар ва динлар ўртасидаги мулоқотни, маърифат ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро ҳамкорликни изчил давом эттиради. Ҳурматли жаноб раис, хонимлар ва жаноблар. Барчамиз инсон қадри энг юқори ўринда турадиган дунёда яшашни истаймиз. Биз фарзандларимизга ҳозиргидан яхшироқ дунё қолдиришни хоҳлаймиз. Инсон қадрини юксак қадрлайдиган дунё. Бироқ, келажак бизни олдимиздаги имкониятлар билан эмас, балки улардан қандай фойдаланганимиз билан баҳолайди. Ўзбекистон халқи ва Президенти тинчлик, ишонч ва инсон қадри устувор бўлган дунёни барпо этишга ҳисса қўшишга тайёр”, дея Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари нутқини тугатди.
 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends