Ўзбекистон айрим хорижлик талабалар учун 70 та грант ажратди

Local

image

2026/2027 ўқув йилида Ўзбекистон давлат олий таълим ташкилотларида Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Мўғулистон фуқаролари учун жами 70 та грант ўрни ажратилиши белгиланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Қирғизистон фуқаролари учун 20 та грант 6 та бакалавриат йўналишига ажратилган. Мактабгача таълим, компьютер инжиниринги, агрономия ва қурилиш муҳандислиги йўналишларининг ҳар бирига 4 тадан ўрин берилган. Сув хўжалиги ва мелиорация ҳамда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишларига эса 2 тадан квота ажратилган. Ажратилган квота ўринларига номзодларни Ўш давлат университети саралаб олади. Танловда иштирок этиш учун абитуриентлар ариза, таълим тўғрисидаги ҳужжат нусхаси, паспорт нусхаси, рус тилидаги тиббий маълумотнома ва 3,5×4,5 см ҳажмдаги 6 та рангли фотосурат топшириши керак. Номзодлар, шунингдек, танлаган таълим тилини билишини намойиш этиб, иккита асосий фандан тест топширади. Имтиҳонлар 5 баллик тизимда баҳоланади. Ҳужжатларни топшириш муддати 22 августгача, кириш имтиҳонлари эса 24 август куни соат 08:00 да Ўш давлат университетининг асосий биносида ўтказилади.

Қозоғистон фуқаролари учун ҳам 20 та грант кўзда тутилган. Энг катта квота математика йўналишига – 3 та ўрин. Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, тарих, иқтисодиёт, бухгалтерия ҳисоби, компьютер инжиниринги, телекоммуникация технологиялари ва логистика йўналишларига 2 тадан грант ажратилган. Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар ҳамда инглиз тили филологиясига 1 тадан ўрин берилган.

Тожикистон фуқаролари учун ажратилган грантлар орасида энг катта квота даволаш ишига тўғри келади – 3 та. Стоматология, логистика ва транспорт воситалари муҳандислиги йўналишларига 2 тадан грант ажратилган. Қолган ўринлар бастакорлик санъати, актёрлик санъати, кино-телеоператорлик, халқаро муносабатлар, юриспруденция, телекоммуникация технологиялари, компьютер инжиниринги, киберхавфсизлик инжиниринги, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик, шаҳар қурилиши ва лойиҳалаш ҳамда саноат муҳандислиги ва менежменти йўналишларига тақсимланган.

Мўғулистон фуқаролари учун 10 та грант ажратилган. Шундан 4 таси бакалавриат, 6 таси магистратура босқичига тўғри келади. Бакалавриатда кончилик иши ва ветеринария медицинaсига 2 тадан ўрин берилган. Магистратурада эса қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш машиналари ва жиҳозлари ҳамда қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг селекцияси ва наслчилигига 2 тадан, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси ҳамда транспорт, логистика ва халқаро савдога 1 тадан грант ажратилган. Шундай қилиб, уч давлатга 20 тадан, яна бир давлатга 10 та – жами 70 та грант ажратилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026/2027 ўқув йили учун давлат олий таълим ташкилотлари умумий қабул параметрлари тасдиқлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends