Ўзбекистон ҳукумати Саудияга қилинган ҳужумларни қоралади
Local
−
18:22 935 2 minutes
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазиятнинг янада ёмонлашуви, жумладан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳудудига ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумлари муносабати билан чуқур хавотир билдиради. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлик баёнотида билдирилишича, Ўзбекистон томони тинч аҳолига, фуқаролик ва энергетика инфратузилмаси объектларига қарши куч ишлатиш билан боғлиқ, шунингдек, минтақа давлатлари хавфсизлиги ва халқаро кема қатновига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракатларни кескин қоралайди.
Шунингдек, халқаро ҳуқуқ нормаларига, жумладан, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш тамойилларига қатъий риоя этилиши зарур, деб ҳисоблайди.
Қайд этилишича, юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш фақат сиёсий-дипломатик воситалар орқали, мулоқот ва ўзаро ҳурмат асосида амалга оширилиши лозим.
“Бирлашган Millatlar Ташкилоти ва минтақа давлатларининг Яқин Шарқда кескинликни юмшатиш, можаронинг янада кенгайишининг олдини олиш ва барқарор тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Маълумот ўрнида, сўнгги кунларда Саудия Арабистонига ҳусийлар томонидан бир қатор ҳужумлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилнинг 8 сентябрь куни Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлари Саудиянинг Абҳа, Хамис-Мушайт, Жизон ва Нажрон шаҳарларига зарбалар берган. Ҳужумлар оқибатида 73 киши яраланган, айрим энергетика объектларида ёнғинлар чиққан.
9 сентябрь куни ҳам Саудия жанубидаги ҳудудларга баллистик ракеталар ва дронлар орқали зарбалар берилган. Бу 2022 йилдаги сулҳдан кейин Саудия ва ҳусийлар ўртасидаги энг жиддий кескинлашувлардан бири бўлмоқда.
11 сентябрь куни эса Саудиянинг Шарқ-Ғарб нефть қувури ҳам дронлар ҳужумига учраган. Ироқ ҳудудидан учирилгани айтилган дронлар ҳужумидан сўнг қувур вақтинча ёпилди. Ушбу қувур Саудия нефтини Ҳормуз бўғозини четлаб ўтиб, Қизил денгиз орқали жаҳон бозорига етказишда муҳим аҳамиятга эга.
Live
AllToshkentda vertikal “parkovka”lar o'rnatilmoqda
11 September