Ўзбек маҳсулотлари Россия бозорига чиқадими?
Business
−
18:03 567 5 minutes
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулот Россияда ҳам харидоргир бўлиши мумкинми? Бунинг учун маҳаллий тадбиркорга нималар керак: янги бозор, қулай логистика ёки арзонроқ савдо шартларими? Россиянинг йирик маркетплейсларидан бири Ozon ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун айнан шу имкониятларни кенгайтирмоқчи.
3 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган COME ON Forumʼда компания маҳаллий тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларини тақдим этди. Улар орасида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” махсус витринасини ишга тушириш, сотувчилар учун комиссияларни камайтириш, бепул омбор хизматини таклиф этиш ва логистика инфратузилмасини кенгайтириш имконияти мавжуд.
.jpg)
Ўзбек маҳсулотлари учун алоҳида витрина
COME ON Forum – Ozon компаниясининг Ўзбекистондаги тадбиркорлар учун ташкил этган илк йирик форуми ҳисобланади. Тадбирнинг асосий янгиликларидан бири “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номли махсус витринанинг ишга туширилиши бўлди.
Эндиликда Ўзбекистон ва Россиядаги харидорлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини ушбу бўлим орқали топишлари мумкин. Бу ўзбек брендларининг танилишини ошириш ва ишлаб чиқарувчиларга қўшимча савдо имкониятларини яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Лойиҳага ишлаб чиқариш фаолияти Ўзбекистон ҳудудида жойлашган барча тадбиркорлар қўшилиши мумкин.
Форум доирасида Ozon ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди. Ҳужжат тўқимачилик, трикотаж, кийим-кечак, чарм маҳсулотлари ва пойабзал ишлаб чиқарувчиларини маркетплейс орқали Ўзбекистон ва Россия бозорларига олиб чиқишга қаратилган.
.jpg)
Ишлаб чиқарувчиларга шахсий менежер бириктирилади
Меморандум доирасидаги ҳамкорлик фақат маҳсулотларни платформага жойлаштириш билан чекланмайди. Ozon маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга бизнесини ривожлантириш ва савдо географиясини кенгайтиришда ҳам ёрдам беришни режалаштирмоқда.
Компания вакилининг айтишича, тадбиркорлар учун қўшма таълим тадбирлари ва реклама ташаббуслари ташкил этилади. Шунингдек, ҳамкорлик доирасидаги ҳар бир тадбиркорга шахсий менежер бириктирилади.
“Меморандумимизнинг асосий мақсади – тўқимачилик, трикотаж ва чарм саноати ишлаб чиқарувчиларига Ozon платформасига чиқиш ва ўз савдо географиясини кенгайтиришда ёрдам бериш. Ўзбекистонда ҳам унинг ташқарисида ҳам тадбиркорлар учун қўшма таълим тадбирлари, реклама ташаббусларини режалаштирмоқдамиз. Ҳар бир тадбиркорга шахсий менежер бириктирилади. Мақсадимиз – савдони ошириш ва имкон қадар кўпроқ маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни платформамизга олиб чиқиш”, деди Наталья Боер.
Шундай қилиб, ишлаб чиқарувчиларга платформада рўйхатдан ўтишдан ташқари, маҳсулотларни илгари суриш ва савдони ривожлантириш жараёнида ҳам кўмак берилиши кўзда тутилган.
.jpg)
Комиссиялар икки баробар камайтирилди, омбор хизмати бепул
Тадбиркор учун янги бозорга чиқишнинг ўзи етарли эмас. Савдо жараёнида комиссиялар, тўловлар, шартномалар ва логистика харажатлари ҳам муҳим ўрин тутади.
Ozon вакилининг таъкидлашича, компания Ўзбекистондаги фаолиятини маҳаллийлаштириш бўйича бир қатор ўзгаришларни амалга оширган. Эндиликда сотувчилар компаниянинг Ўзбекистондаги маҳаллий юридик шахси билан шартнома тузади. Ҳисоб-китоблар ва сотувчиларга тўловлар миллий валютада амалга оширилади.
“Бу йил комиссияларимизни икки баробар камайтирдик. Бундан ташқари, логистикани ҳам маҳаллийлаштирдик. Бу йил омбор ҳам очдик. Барча ўзбекистонлик сотувчиларни ўз товарларини омборимизга жойлаштиришга таклиф қиламиз. Бу улар учун мутлақо бепул. Бундай шартлар 2027 йил 1 сентябргача амал қилади”, деди Наталья Боер.
Демак, компания маҳаллий валютадаги ҳисоб-китоблар, камайтирилган комиссиялар ва маҳсулотларни омборга бепул жойлаштириш имкониятларини таклиф қилмоқда. Бу, айниқса, экспорт билан эндигина шуғулланишни бошлаётган кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун аҳамиятли бўлиши мумкин.
.jpg)
Ўзбекистон электрон тижорат бозори 2,5 миллиард долларга етиши мумкин
Ozon тақдим этган маълумотларга кўра, 2026 йилнинг дастлабки ўн ойида ўзбекистонлик сотувчиларнинг платформадаги айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб беш баробар ошган.
Компания прогнозига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистон электрон тижорат бозори 2,5 миллиард долларга етиши мумкин. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги савдо имкониятлари пайдо бўлишини англатади.
Ozon 2027 йил охиригача Ўзбекистон бўйлаб буюртмаларни топшириш пунктлари сонини икки баробар оширишни ҳам режалаштирмоқда. Компаниянинг фикрича, логистика тармоғининг кенгайиши харидорларга буюртмаларни яшаш жойига яқин пунктлардан олиш, сотувчиларга эса маҳсулотларни тезроқ топшириш имконини беради.
Ozon Ўзбекистон бозорига 2023 йилда кириб келган. 2025 йилда компаниянинг республикадаги савдо айланмаси ўтган йилга нисбатан қарийб тўрт баробар, фаол харидорлар сони эса қарийб 3,5 баробар ошган.
.jpg)
Ҳудудлардаги тадбиркорлар учун бепул семинарлар
Маркетплейсда савдо қилиш учун маҳсулотнинг ўзи етарли эмас. Уни харидорга тўғри тақдим этиш, реклама қилиш ва етказиб бериш жараёнларини йўлга қўйиш ҳам муҳим.
Шу мақсадда Ozon 11–20 ноябрь кунлари Самарқанд, Навоий, Бухоро, Андижон, Фарғона, Қўқон ва Наманган шаҳарларида сотувчилар учун бепул семинарлар ташкил этади.
Машғулотларда тадбиркорларга маҳсулот карточкаларини расмийлаштириш, логистика жараёнларини созлаш, маҳсулотларни илгари суриш ва Россия бозорига чиқиш бўйича билимлар берилади.
Компания вакилининг таъкидлашича, тадбиркорлар рўйхатдан ўтишдан бошлаб илк савдоларини амалга ошириш ва кейинги ривожланиш босқичларигача қўллаб-қувватланади.
“Биз сизни рўйхатдан ўтишдан тортиб, биринчи савдогача ва ундан кейин ҳам кузатиб борамиз. Асосий натижа – янги сотувчилар оқими ва уларнинг савдосини кенгайтириш”, дея изоҳ берди Наталья Боер.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг хориж бозорига чиқиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги харидорлар топиш, бизнесни кенгайтириш ва экспорт географиясини ошириш имкониятини яратиши мумкин. Ozon томонидан эълон қилинган ташаббуслар ҳам айнан шу йўналишга қаратилган.
.jpg)
Бироқ бу имкониятларнинг амалий самараси таклиф этилаётган шартларнинг қанчалик қулай бўлиши, логистика жараёнларининг самарадорлиги ва маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигига боғлиқ.
“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” маҳсулотлар янги бозорларда қанчалик ўрин эгаллаши эса вақт ва савдо натижалари билан намоён бўлади.
Реклама ҳуқуқи асосида
Live
All